20:35 / 05.05.2021
17023

Тошкент шаҳар ИИББ тарихий ёдгорлик ёнида берухсат қурилиш қилмоқчими?

«Эътирозимизга қарамай, Мингўрик ёдгорлиги ёнида қурилиш бошлаб юборишди», – дея Kun.uz'га шикоят қилди Маданий мерос департаменти расмийси. ИИББ эса қурилиш ҳали бошланмаганини иддао қилди.

Тошкент шаҳар Миробод тумани Моштабиб кўчаси 31-уй манзилида VIII-IX асрларга тааллуқли Мингўрик шаҳристони ёдгорлиги жойлашган.

Ҳозирда ёдгорлик ёнида Тошкент шаҳар ИИББнинг Маънавият ва маърифат маркази биноси қурилиши бошланган.

Маданий мерос департаментининг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ИИББ қонунчилик талабини бажармай, комиссиянинг тегишли хулосасини олмасдан қурилиш ишларини бошлаб юборган.

«Тарихий объект яқинида қурилиш ишларини олиб боришнинг ўзига хос тартиб-тамойиллари бор. Белгиланган қоидалари бор. Мингўрик шаҳристони – тарихий шаҳар қолдиқлари жойлашган ҳудуд. Объектдан энг камида 50 метр масофада қурилиш ишлари олиб борилмаслиги керак.

Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ тарихий ёдгорлик ёнида қурилиш ишларини бошлаб юборган. Биз бир эмас, икки марта огоҳлантириш хатлари бердик. Бу ерда қурилиш ишларини бошлаш учун Илмий-эксперт кенгаши хулосаси олинган бўлиши керак. Шундан сўнггина қурилиш ишлари бошланади ёки рад этилади. Унинг хулосаси олинмаган.

Мурожаатларимизга Тошкент шаҳар ИИББдан жавоб бўлмаяпти. Лекин қурилиш ишлари давом этмоқда. Вақтинча тўхтатиб ҳам турилгани йўқ.

Бу ёдгорлик ЮНЕСКОнинг тарихий обидалар рўйхатига киритилиши учун номзод қилиб рўйхатга олинган. Aгар тегишли тартиб-қоидалар асосида қурилиш ишлари олиб борилмаса, бу рўйхатдан тушириб қолдирилиши мумкин. Тошкент шаҳар ИИББдан қурилишни тўхтатиб туришни, Илмий-эксперт кенгашининг хулосасини олишни сўраб қолардик», – дейди Маданий мерос департаменти бўлим бошлиғи Алишер Ёрқулов.

Маданий мерос департаменти бўлим бошлиғи Алишер Ёрқулов

«Қурилиш эмас, тозалаш ишлари бошланган» — Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати вакили Нилуфар Исахонованинг айтишича, қурилишни бошлаш учун Aрхитектура ва қурилиш бошқармасининг Миробод туман филиалидан рухсат олинган.

«Тарихий ёдгорлик ёнидаги қурилиш бўйича Маданият вазирлигидан мурожаат келиб тушган. Шунингдек, фуқаролар ҳам мурожаат қилишган.

Бу ҳудудда олдин автотураргоҳ бўлган. Aйни вақтда қурилиш ишлари бошлангани йўқ. Фақат автотураргоҳни тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Қурилишга рухсат олиш учун керакли ҳужжатларни тайёрлаб, Маданият вазирлигига юборганмиз. Вазирлик хулосаси олинганидан сўнг қурилиш ишлари бошланади», – деди Исахонова.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати вакили Нилуфар Исахонова

Томонларнинг гаплари бир-бирига тўғри келмаяпти

Томонларни эшитиб, уларнинг гаплари бир-бирига тўғри келмаётганини кўриш мумкин. Маданият вазирлиги Тошкент шаҳар ИИББни қонун талабини бажармасдан, Вазирлар Маҳкамаси қарорига зид равишда қурилиш ишларини олиб бораётганлигини айтмоқда. Шунингдек, қурилишни тўхтатиш бўйича бир неча марта вазирлик томонидан хат чиқарилишига қарамасдан, шу вақтга қадар қурилиш ишлари тўхтатилмаганини ҳам қўшимча қилишмоқда. Яъни Тошкент шаҳар ИИББ Маданий мерос департаментининг мурожаатига эътибор бермаяпти.

Тошкент шаҳар ИИББ эса аксинча, тарихий ёдгорлик ёнида қурилиш ишлари эмас, эски автотураргоҳ ўрнида тозалаш ишлари кетаётгани, вазирлик қошидаги Маданий мерос департаментининг талабига асосан бошқарма томонидан вазирликка керакли ҳужжатлар юборилганини айтмоқда.

Қурилиш майдони ўраб олингани боис у ерда тозалаш ёки қурилиш ишлари кетаётганини аниқ била олмадик. Бироқ бино паспортига эътибор берсак, унда қурилиш ишлари 2021 йил апрел ойида бошлангани ҳақида маълумот берилган. Шундай хулоса қилинса, ИИББ вакилининг сўзлари ҳақиқатга зид бўлиши мумкин.

Маданият вазирлигининг талаби ўринли. Чунки Мингўрик қадимий шаҳар ёдгорликлари узоқ тарихга эга. Ёдгорлик ЮНЕСКОнинг маданий мерос объектлари рўйхатига киритилиши ҳам мумкин экан.

Кўрамиз, жамият қонун устуворлиги, тартиб-қоидаларга жамоатчилик амал қилишини назорат қилувчи орган Тошкент шаҳар ИИББнинг ўзи қанчалик қонун талабига риоя қилар экан.

Раҳматилло Исроилов,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top