Сенат раиси Танзила Норбоеванинг 23 апрел кунги йиғилишда айтишича, турли соҳаларда йўл қўйилаётган коррупция ҳолатлари камайиш ўрнига ҳатто йилдан йилга кўпайиб боряпти...

Ҳар қандай соғлом жамият бошқарувида муаммолар ечимига зиёлилар, уламолардан фикр олинади, ислоҳотлар уларнинг иштироки, маслаҳати билан қилинади.

Хўш, коррупция илдиз отиб кетган бугунги ўзбек жамияти ҳақида зиёлилар нима дейди? Улар муаммонинг ечимларини нималарда кўради?

Kun.uz мухбири бир қатор таниқли диний уламо, жамиятшунос ва ёзувчиларга ўзбек жамиятининг коррупция иллатидан қутула олмаётгани сабаблари ва уни имкон қадар камайтириш учун ҳукумат нима қилиши кераклиги борасида савол билан мурожаат қилди.

«Пайғамбаримиз (с.а.в.) пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаган» — Раҳматуллоҳ Термизий, Тошкент шаҳридаги «Бодомзор» жоме масжиди имом-хатиби

Нега коррупция иллатидан қутула олмаяпмиз? Бу иллатга муқаддас динимизда муносабат қандай?

Инсон дунёга синов учун келган бўлса-да, бу дунёмиз беш кунлик синов дунёси, абадий ҳаёт охират ҳаёти бўлса-да, инсон бу дунёдаги ҳаққини ҳам унутмаслиги, яхши яшаш ҳаққига эгалигини билиб оламиз. Яъни динимиз таълимоти бизга шуни ўргатади.

Қуръонда «Дунёдаги насибангни унутма», дейилади. Чунки инсоннинг ҳаёти унга охиратдан дарак беради. Умри поёнига яқинлашаётган ҳар бир мусулмоннинг ўйи охирати қандай бўлиши ҳақида бўлади. Борар жойим дўзахми ё жаннатми, деган маънода.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилинганки, «Дунёда маъруф аҳли бўлганлар (маъруф – ҳамма яхшиликлар) охиратда ҳам маъруф аҳли бўлишади. Дунёда мункар аҳли бўлганлар (мункар – ҳамма ёмонликлар) охиратда ҳам мункар аҳли бўлишади».

Бу ҳадиснинг қисқа маъноси шуки, мўмин-мусулмон инсоннинг ҳаёти охиратдан даракдир. Агар охиратда ўрнингиз қаерда бўлишини билмоқчи бўлсангиз, марҳамат, сиз ҳақингиздаги солиҳ, содиқ гувоҳларнинг гувоҳлигига қулоқ солинг.

Динимиз инсон ҳаётини бузадиган ҳар қандай иллатларни қоралаган, унинг ҳар қандай даражада унвонини баён қилган.

Инсониятга зарар келтирадиган ишларни мутлақ ҳаром деб эълон қилишган. Шундай иллатлардан бири порахўрликдир.