Жамият | 19:20 / 10.05.2021
9165
3 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқ электр тармоқлари корхонаси раҳбари кийикчилик фермасидаги ҳолат бўйича қўшимча изоҳ берди

Kun.uz 30 апрел куни «Бўстонлиқдаги кийикчилик фермаси электр узилиши сабаб уч кунда 6800 евро йўқотди. Қандай қилиб?» сарлавҳали мақола эълон қилган эди.

Унда тадбиркор электр таъминотидаги узилиш сабаб 6800 евро йўқотгани, кийикларни эмлаш учун шунча нархга хориждан олиб келган вакциналар яроқсиз ҳолга келиб қолгани ҳақида маълум қилинганди.

Мақола эълон қилингач, Бўстонлиқ туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Қурбонали Сиддиқов ҳолат юзасидан изоҳ бериш мақсадида Kun.uz мухбирини суҳбатга таклиф этди.

Суҳбат давомида, Сиддиқов фермада чироқ ўчишига ҲЭТКнинг алоқаси йўқлиги, бунга ўша ҳудудда варрак учирганлар сабаб бўлгани ҳақида дастлабки мақолада келтирилган фикрларини такроран билдириб ўтди.

«Улар уланган линиядан 500-600 хонадонга электр узатилади. Биз бу аҳолини «свет» билан таъминлашимиз керак. Шу сабабли, якшанба куни биз уларнинг линиясини ажратиб қўйиб, қишлоққа «свет» берганмиз. Авария уларнинг линиясида бўлган.

Улар тортган линия талабга жавоб бермайди. Симлари салпи, шамолда бир-бирига тегиб линия ўчиб қолаверади. Симёғочлар чириган», – дейди туман электр корхонаси раҳбари.

«Улар 2018 йилда, қурилиш даврига деб 1 ой муддатга рухсатнома олган. Қурилиш тугагандан кейин улар электр таъминоти юзасидан биз билан шартнома қилиб, «энергонадзор»дан рухсат олиб, «тех условия» олишлари керак эди. «Энергонадзор» рухсат бергач, улар ўрнатган трансформаторга биз рақам берамиз. Шу ишлар қилинмаган.

Бундан ташқари, улар ўзлари тортган алоҳида линияга биз хизмат кўрсатишимиз учун ҳам биз билан шартнома қилишлари керак», – деди Қурбонали Сиддиқов.

Тадбиркор барча ҳужжатлари жойида экани, ҲЭТКдагилар унга тегишли ҳужжатларни йўқотиб қўйгани ҳақидаги даъвосига жавобан, Сиддиқов аввалбошдан шартнома қилинмаганини иддао қилди.

«Шахсий трансформатор бўлганидан кейин, асосий ҳужжат уларда бўлади, бизда фақат унинг бир варақлик ишчи ҳужжати (рақами) бўлади холос. Трансформатор бўйича ҳужжатлар ўзларида бўлади. Улар бизга фақат қурилиш даври учун деб бир ойга рухсат олган. Бизнинг реестримизда уларнинг бошқа ҳеч қандай ҳужжати йўқ», – деди Бўстонлиқ электр тармоқлари корхонаси раҳбари.

У, тадбиркор билан гаплашиб муаммони ҳал қилиш бўйича тушунтириш бергани, тадбиркор эса бунга рўйхушлик бермаганини айтмоқда.

Электр корхонаси, шунингдек, тадбиркорнинг фермасига тортилган линияда варрак учирилгани сабаб авария бўлганини гўёки тасдиқловчи видеолавҳани тақдим этди. Видеолавҳа тушунарсиз бўлиб, ундаги тасвирлар айни шу ҳолатга алоқадорлигини билдирувчи белгилар йўқ.

Видеолавҳа ва ҲЭТК раҳбари билан суҳбатни юқоридаги видеодан томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид