Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Қозондаги фожиа муносабати билан Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳридаги мактабга уюштирилган ҳужум оқибатида 9 киши ҳалок бўлгани юзасидан Россия президенти Владимир Путинга ҳамдардлик мактуби йўллади.
«Фожиали воқеа – Қозон шаҳридаги мактабда содир бўлган отишма оқибатида бегуноҳ болалар ва ёши катталар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар мени чуқур қайғу ва ларзага солди.
Ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган ушбу мудҳиш зўравонлик ҳаракатини қатъий қоралаймиз.
Сизга, қурбон бўлганларнинг ота-оналари ва яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор этаман ҳамда жароҳат олганлар тез фурсатда шифо топишларини тилайман.
Ушбу мусибатли дамларда Ўзбекистоннинг кўпмиллатли халқи Россия халқи учраган жудоликка қайғудошдир», – дейилади мактубда.
11 май куни тонгда Қозондаги 175-сонли гимназияга 19 ёшли йигит қурол билан ҳужум уюштирди. Оқибатда мактабда 9 киши ҳалок бўлди, улардан 7 нафари – болалар. Яна 18 нафар бола шифохонага ётқизилган, улардан 6 нафари оғир, 2 нафари ўта оғир аҳволда.