23:03 / 21.05.2021
7541

Колумбия Америка кубогини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилди

Жанубий Америка футбол конфедерацияси (Conmebol) Колумбияни Америка кубогини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилди ва мамлакат расмийларининг чемпионатни июндан кечроқ санага кўчириш илтимосини рад этди.

Фото: Getty Images

Conmebol’нинг бундай қарор чиқаришига АҚШ давлат департаментининг Колумбиядаги вазият бўйича ҳисоботи сабаб бўлган. Ҳисоботда Колумбияда давом этаётган сиёсий тартибсизликлар ва пандемия билан боғлиқ оғир вазият сабабли ушбу мамлакатга сафар қилиш хавфсиз эмаслиги таъкидлаб ўтилган.  

Conmebol’да, шунингдек, мусобақа логистикаси ва халқаро мусобақалар жадвалига кўра, Америка кубоги ўтказилишини ноябр ойига кўчириш иложсизлиги айтилган. 

Таъкидланишича, мусобақа белгиланган муддатда бўлиб ўтади ва Колумбияда ўтказилиши режалаштирилган ўйинлар қаерга кўчирилиши ҳақида яқин кунларда ахборот берилади.

2020 йилда ўтказилиши керак бўлган Америка кубоги пандемия сабабли 2021 йилга кўчирилганди. Мусобақа 13 июндан 10 июлгача Аргентина ва Колумбияда бўлиб ўтиши керак эди.

Колумбияда солиқ оширилишига қарши бир неча ҳафта олдин норозилик намойишлари бошланганди ва президент Иван Дуке солиқ ислоҳотидан воз кечганига қарамай, улар ҳанузгача давом этмоқда. Талабалар ва ишчилар ташкилотлари эндиликда солиқ ислоҳоти бекор қилинишидан ташқари, пандемия сабабли киритилган фавқулодда вазият шартлари кўриб чиқилиши, соғлиқни сақлаш тизими ислоҳ қилиниши, полиция тартибсизликларга қарши курашиш бўлими Esmad’нинг ёпилиши ва намойишчиларни ўлдиришга алоқадорлар жазоланишини талаб қилмоқда. 11 май ҳолатига кўра, мамлакатдаги норозиликлар вақтида 41 намойишчи ва бир полициячи ҳалок бўлган, 168 киши бедарак йўқолган.

 

Top