08:30 / 24.05.2021
14573

Абдулла Арипов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди

Бугун, 24 май куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 60 ёшга тўлди. 

Ўзбекистон президентининг фармонига мувофиқ, давлат идораларидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий қудратини юксалтириш, муҳим стратегик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасидаги улкан хизматлари, ибратли фаолияти ҳамда таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.

Абдулла Арипов 1961 йил Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти – олий. У 1983 йилда Тошкент Алоқа электротехника институтини тамомлаган. 

1983-1992 йилларда Тошкент телефон-телеграф станциясида 1-тоифали муҳандис сифатида фаолият юритган. 1992-1993 йилларда Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлигида бош мутахассис, 1993-1995 йилларда «Ўзимпэксалока» ташқи савдо фирмасининг директор ўринбосари вазифасида ишлаган.

1995 йилда Ўзбекистон Алоқа вазирлигининг қурилиш ва таъминот бўлими раҳбари бўлган. 1995-1996 йилларда «ТашАфиналАЛ» ҚКнинг бош директори лавозимида фаолият юритган. Шу йиллар мобайнида, Ўзбекистон Алоқа вазирлиги хусусийлаштириш ва рақобатни кучайтириш бўлимини ҳам бошқарган. 

1997 йилда Ўзбекистон почта ва телекоммуникация агентлиги бозор ислоҳотлари ва қимматли қоғозлар бўлими раҳбари бўлган. 1997-2000 йилларда, Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантириш Давлат фондини ҳам бошқарган. 

2000-2001 йилларда Ўзбекистон почта ва телекоммуникация агентлиги директори ўринбосари, 2001 йил 15 августдан агентлик бош директори лавозимида ишлаган. 2002 йил 30 майида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари этиб тайинланган. У алоқа ва ахборот-телекоммуникация технологиялари масалалари билан шуғулланган. Шу билан бирга, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ҳисобланган. 

2005 йил 4 февралида ўз лавозимларига қайта тасдиқланган. 2009 йил октябридан бошлаб ижтимоий соҳа, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларига доир масалалар билан ҳам шуғулланган ҳамда МДҲ мамлакатларидаги ҳамкорлар билан алоқаларга жавоб берган. 

2012 йил августидан бош вазир ўринбосари лавозимидан олинган, аммо айни вақтда Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар мажмуасида раҳбарлик қилишда давом этган. 

2016 йил сентябридан Ўзбекистон бош вазири ўринбосари сифатида тайинланган ва ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари билан шуғулланиш ишониб топширилган. 

2016 йил 12 декабрида ЎзЛиДеП партияси томонидан бош вазирлик лавозимига номзоди кўрсатилган. 

Абдулла Арипов  иқтисод фанлари номзоди илмий унвонига ҳам эга. «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган. 

Top