Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сувайш каналидаги аварияда Ever Given кемаси капитани айбдор деб топилди
Март охирида Сувайш каналидаги қатновни 6 кунга тўхтатиб қўйган Ever Given контейнеровози сардори ушбу ҳодиса айбдори деб аталди. Бу ҳақда канал маъмурияти раҳбари Усома Роби Панаманинг Мисрдаги элчиси Алехандро Гантес ва Панама денгиз навигацияси бошқармаси бош директори Рафаэл Сигаруиста билан учрашувда маълум қилди.
Панама байроғи остида ҳаракатланган кема 23 мартда каналда кўндалангига туриб қолиб, у орқали ҳаракатни тўхтатиб қўйганди. Кемани 29 мартдагина саёзликдан олишга муваффақ бўлинган.
Ҳозирча ушбу авария юзасидан олиб борилаётган терговнинг якуний натижалари эълон қилинмаган. Кеманинг ўзи эса авария учун канал маъмуриятига товон пулини тўлаш чўзилаётгани сабабли апрел ўртасидан бери Миср томонидан ушлаб турилибди.
“Ever Given билан юз берган ҳодисанинг тергови кемани бошқаришда хатога йўл қўйилганини тасдиқлади. Бунда жавобгарлик канал лоцманлари эмас, кема сардори зиммасига тушади, чунки лоцманлар фикри инобатга олиниши мажбурий эмас ва фақат маслаҳат кўринишига эга”, деб айтган Роби.
Мисрнинг 1990 йилги денгиз навигацияси ҳақидаги қонунига мувофиқ, Сувайш каналига етказилган ҳар қандай зиён учун жавобгарлик кема сардори зиммасида ётади. Роби канал маъмурияти юз берган ҳодисада айбдор эмаслигини таъкидлаб ўтган. Унинг таъкидлашича, контейнеровоз каналга ёмон об-ҳаво шароитларида ўтириб қолган, бироқ авария юз берган кун канал орқали 30дан кўпроқ кема муваффақиятли ўтиб кетган. Бир йил аввал бундан ҳам ёмонроқ об-ҳаво шароитларида бундай бахтсиз ҳодисалар юз бермаган.
Робининг таъкидлашича, Ever Given’га эгалик қилувчи компания кемадаги юкнинг қиймати ҳақидаги маълумотни бермаган. Бироқ тахминий баҳолашларга кўра, ундаги юк қиймати 2 млрд долларни ташкил қилади. Тўланиши талаб қилинган товон пули айнан шу суммага асосланган. Канал маъмурияти “яхши ниятда” авариядан кейин 11 кун давомида кема эгасига нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқий чоралар кўрмаган, сўнгра эса ён босиб, талаб қилаётган товон пули қийматини 40 фоизга, яъни 916 млн доллардан 550 млн долларгача камайтирган.
Робининг қўшимча қилишича, канал маъмурияти кема эгаси йўл қўйган қоидабузарликларга қарамай, у билан музокараларни давом эттирмоқда. Жумладан, компания кема бортида енгил алангаланувчи товарлар борлигини маълум қилмаган. Бундан ташқари, канал маъмурияти кемага эгалик қилувчи компаниянинг Ever Given’даги юкни бошқа кемага ортиш ёки сардордан ташқари кема экипажини алмаштириш илтимосига тўсқинлик қилмаяпти. Ваҳоланки, бундай илтимослар аввал суд томонидан кўриб чиқилиши лозим.
Хитойдан Нидерландиянинг Роттердам шаҳрига сузган 400 метрлик Ever Given контейнеровози 23 март куни Сувайшда саёзликка ўтириб қолганди. Уни 6 кун ўтибгина жойидан силжитишга ва канални очишга муваффақ бўлинган. Бу вақт ичида каналга икки томондан кириш жойида юзлаб контейнеровоз ва нефт танкерларидан иборат тирбандлик юзага келган. Каналдаги ҳаракатни 3 апрелдагина тўлиқ тиклашга муваффақ бўлинган.
Мавзуга оид
07:23 / 22.12.2021
Миср Сувайш каналига Ever Given контейнеровози қайтгани сабабли фавқулодда вазият эълон қилди
09:49 / 20.08.2021
Сувайшни тўсиб қўйган Ever Given кемаси 4 ойдан кейин яна у орқали ўтади
20:33 / 13.07.2021
Сувайшни тўсиб қўйган Ever Given кемаси 4 ойдан кейин ўз йўлини давом эттирди
16:35 / 07.07.2021