Жаҳон | 09:49 / 20.08.2021
6170
2 дақиқада ўқилади

Сувайшни тўсиб қўйган Ever Given кемаси 4 ойдан кейин яна у орқали ўтади

Март охирида Мисрдаги Сувайш канали орқали кемалар қатновини 6 кунга тўлиқ тўхтатиб қўйган Ever Given кемаси 20 августда яна ушбу канал орқали ўтади. Фақат у бу сафар орқа йўналишда ҳаракатланади.

“Контейнеровоз канални шимолдан жануб томон кесиб ўтмоқчи”, деб айтилган канал маъмуриятида. Кема дастлабки манзили – Роттердамдан ортга қайтади. У бу ерга канал билан боғлиқ барча молиявий масалалар ҳал қилингандан кейин июль охирида келганди.

“Кема Порт-Саидга бугун кечки пайт киради, унинг канал орқали ўтиши эрталаб бошланади. Кема ҳаракатланиши вақтида қўшимча эҳтиёт чоралари кўрилади”, деб маълум қилинган хабарда. Таъкидланишича, кеманинг канал орқали ўтиши 10-12 соат вақт талаб қилади. Унга ҳар эҳтимолга қарши 2та буксир кема ҳамроҳлик қилади.

400 метрлик кема 23 март куни каналнинг жанубий қисмида саёзликка ўтириб қолиб, канал орқали ҳаракатланишни тўлиқ тўхтатиб қўйганди. Кемани жойидан силжитиш учун 6 кун талаб этилган. Бу вақт ичида каналга кириш жойида 400дан кўпроқ кемадан иборат тирбандлик юзага келган.

Канал маъмурияти кема эгасидан етказилган зарар ва кемани саёзликдан олишга кетган харажатлар учун 916 млн доллар компенсация талаб қилган. Икки томон якуний келишувга эришмагунча кемани ушлаб туришга қарор қилинган. Маълумотларга кўра, томонлар узоқ давом этган музокаралардан кейин 540 млн доллар компенсация тўланиши ҳақида келишувга эришган. Таъкидланишича, ушбу сумманинг 240 млн доллари биринчи босқичда, қолган 300 млн доллари эса бир йил давомида бўлиб-бўлиб тўланади. Канал, шунингдек, замонавий буксир олади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид