Ўзбекистон | 11:10 / 26.05.2021
6941
2 дақиқада ўқилади

Мухтор Тошхўжаев Миллий Паралимпия қўмитаси раиси этиб сайланди

Жорий йил 25 май куни Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасининг Бош ассамблея йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бош вазир ўринбосари - туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибига қўйилган энг асосий масалалардан бири - бу Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси лавозимига раҳбар сайлаш эди.

Ушбу масалада бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов сўз олиб, ушбу лавозимга шу кунга қадар Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси сифатида фаолият олиб борган Мухтор Тошхўжаев номзодини илгари сурди.

Рио-2016 Паралимпия ўйинлари ҳамда Жакарта-2018 (Индонезия) ПараОсиё ўйинларида юртимиз параатлетлари томонидан қўлга киритилган муваффақиятлар замирида Мухтор Тошхўжаевнинг хизмати беқиёс бўлгани эътироф этилди.

Бош ассамблеяга таклиф этилган делегатлар бир овоздан М.Тошхўжаев номзодини Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси этиб сайлади.

Жорий йил 18 май куни президент “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат билан Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси ташкил этилди.