Жаҳон | 07:59 / 26.05.2021
5608
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда партияларнинг парламентга кириш чегараси пасайтирилди ва бюллетенларда «ҳаммага қарши» устуни пайдо бўлди

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сайловлар тўғрисидаги конституциявий қонунга тузатиш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. 

Фото: Pixabay /Lena1964

Янги тузатишларга кўра, партияларнинг парламент қуйи палатасига (Мажлис) кириш чегараси 7 фоиздан 5 фоизгача пасайган. Бу ҳақда 25 май куни Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Энди партиялар парламентга кириши учун улар овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг 5 фоиз овозини олиши керак бўлади. 

Бундан ташқари, Қозоғистонда сайлов бюллетенларида «ҳаммага қарши» устуни киритилмоқда.

Шунингдек, туман аҳамиятидаги шаҳарлар, қишлоқлар, посёлкалар ва қишлоқ округлари маъмуриятлари раҳбарларини (ҳокимларини) тўғридан тўғри сайлаш жараёнини жорий этиш бўйича ўзгартиришлар киритилмоқда. Сайловда номзодлар мустақил равишда ўз номзодини кўрсатиши ёки сиёсий партиялардан номзод бўлиши мумкин. Ҳозир республикада бундай маъмурият раҳбарлари маҳаллий вакиллик органлари депутатлари томонидан сайланади.

2021 йил январ ойида Қосим-Жомарт Тўқаев барча даражадаги бюллетенларга «Ҳаммага қарши» устунини киритиш кераклигини таъкидлаганди. «Аслида, муқобил қарашлар тушунчаси ва ҳамма нарсага қарши овоз бериш биз учун ҳам нормал бўлиши керак», деганди президент ўшанда. Партияларнинг парламентга кириш чегарасини пасайтириш эса, унинг фикрига кўра, сиёсий уюшмаларнинг овоз беришда қатнашишини рағбатлантириши керак.

Маълумот учун, Қозоғистон парламентига навбатдаги сайловлар 10 январ куни бўлиб ўтди. Овоз бериш натижасида фақат уч партия 7 фоизли тўсиқдан ўтган ҳолда мандатларни тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлди: «Нур Отан», «Ак жол» ва Қозоғистон Халқ партияси.

Мавзуга оид