08:24 / 27.05.2021
1265

Қорақалпоғистондаги туғруқхоналарга  300 та 1 млн долларлик тиббиёт ускуналари топширилди

Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасида Қорақалпоғистон Республикаси ССВга «Энг ёрдамга муҳтож оналар ва янги туғилган чақалоқларга перинатал ёрдам хизматининг сифатини ошириш» қўшма лойиҳаси доирасида қиймати 1 млн АҚШ долларлик тиббиёт ускуналарини топшириш маросими бўлди.

Тадбирда Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Расул Зарикеев, ЮНИСЭФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан, Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Мурат Қурбанов Оролбўйи ҳудудида оналар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Таъкидланишича, лойиҳа бошланганидан бери Қорақалпоғистондаги барча оналар ва янги туғилган чақалоқларнинг 21 фоизи Қўнғирот ва Беруний туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги перинатал марказларда даволанган. 3 та тиббиёт муассасасида ҳам эрта неонатал ўлим кўрсаткичи сезиларли даражада пасайиб, ўртача 22 фоизга камайган.

Лойиҳа доирасида 600 нафардан ортиқ соғлиқни сақлаш ходими оналар ва янги туғилган чақалоқларни омон қолишига ёрдам бериш амалиёти бўйича ўқув курсларида ўқиган.

– «Энди ҳудуд аҳолисининг 50 фоизидан кўпроғи ушбу туғруқхоналарда ихтисослашган перинатал ёрдамдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади», – деди ЮНИСЭФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – «Умид қиламизки, ушбу тажриба қўллаб-қувватланиб, бу бошқа туманлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам татбиқ этилади».

Тадбирда Қорақалпоғистонга янги туғилган чақалоқлар интенсив терапияси бўлимлари ва операция хоналари учун 300 та тиббиёт ускунаси топширилди.

Маълумот учун, 2019 йил август ойидан буён Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси томонидан ажратилган 1,6 миллион АҚШ доллар молиялаштирилган. Ўзбекистон, Норвегия, Финляндия, Корея Республикаси ҳукуматлари ва Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган.

Top