28 май куни Сенатининг 15-ялпи мажлисида Қашқадарё вилояти студиясидан Aбдураҳим Эркаев ДСҚ вакиллари Сенат мажлисларида бир неча марта ортиқча солиқлар ундиришга йўл қўймасликни таъкидлаганига қарамай, ортиқча солиқлар ундирилаётганига оид савол билан мурожаат қилди.

Савол: Юридик шахсларнинг бюджетга тўланган ортиқча солиқлари юқори бўлиб қолмоқда. Солиқ қўмитаси вакиллари Сенат мажлисларида бир неча марта ортиқча солиқ тўловлари ундирилмаслиги бу борада ишлаб чиқилган компьютер дастурлари бунга йўл қўймаслиги ҳақида айтган эди. Лекин 2020 йил давомида салкам 1 триллион сўм ортиқча солиқ ундирилганлиги айтилди. Бунга сабаб Маҳкама масаласими ёки жойлардаги солиқчиларнинг лаёқатсизлигими?

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ортиқча тўловлар ундирилмаслиги учун кўрилаётган чоралар борасида гапирди;

«Ҳақиқатда ҳисоботда қайд этилганидек ортиқча тўланган солиқлар 2021 йил 1 январь ҳолатига 150,7 млрд.сўмни ташкил этганди, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра бу миқдор (168,1 млрд.сўмни ташкил этиб) 17,4 млрд.сўмга камайган.

2020 йил 1 августдан бошлаб солиқларни инкассо топшириқномаси орқали ортиқча ундирилишининг олдини олиш мақсадида инкассо топшириқномаларини шакллантириш ва банкларга юбориш тўлиқ автоматлаштирилиб (умуман инсон омили аралашмайди), асоссиз ортиқча солиқларни ундиришга бутунлай чек қўйилди.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб, ортиқча тўланган солиқларни қайтариш ёки ҳисобга олиш тизими бутунлай янгиланиб, солиқ тўловчиларга ўзларининг шахсий кабинетлари орқали мавжуд ортиқча тўловларини қайтариш ёки ҳисобга олиш тўғрисида мустақил равишда хулоса тайёрлаб, ДСИ орқали Ғазначиликка юбориш имконияти яратилди.

Шунингдек, жорий йил 23 февралидан бошлаб, солиқ тўловчилар билан конструктив мулоқот қилиш ва уларга солиқ мажбуриятларини бажаришларида кўмаклашиш мақсадида «Тадбиркор ва Солиқчи» телеграм гуруҳи ташкил этилиб, солиқ органлари томонидан ортиқча ундирилган солиқлар тўғрисида солиқ тўловчилардан келиб тушаётган хабарлар зудлик билан кўриб чиқилмоқда.

Ортиқча тўланган солиқларни қайтариш ёки ҳисобга олиш муддатларини бузган ва ортиқча тўловларни қисқартириш юзасидан етарлича иш ташкил этмаганлиги учун солиқ органларининг 2020 йилда 79 нафар, жорий йилнинг I чорагида 38 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди ҳамда 5 нафар раҳбар ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди», – деди ДСҚ раиси ўринбосари.