Ўзбекистон | 09:43 / 31.05.2021
25110
5 дақиқада ўқилади

Ургутдаги ғаройиб мактаб: у ердаги 46 ўқитувчидан 31 нафари бошқа вилоятлардан келиб ишламоқда

Таълим мамлакат учун энг муҳим соҳалардан бири. Тараққиётни таълимсиз, илм-фан ривожисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Устозлик қилиш фидойилик талаб қилади. Бугун баъзи ота-оналар 2–3 нафар фарзанди билан шуғуллана олмаётган вақтда ўқитувчилар кун бўйи болалар тарбияси, уларга илм бериш билан банд бўлиши кичик қаҳрамонлик. Агар ўқитувчи уйидан узоқда ишлаётган бўлса, бу икки карра қаҳрамонлик, менимча.

Самарқанд вилояти Ургут тумани Сойғўс қишлоғида жойлашган 32-мактабда ана шундай «легионер» ўқитувчилар анчагина.

Сойғўс қишлоғи тоғлар орасида жойлашган. Қишлоқ теграсидаги тоғларнинг бир қисми Тожикистоннинг Панжакентига, яна бир қисми Қашқадарёнинг Китобига уланиб кетган. Қишлоқ аҳли тоғ қирларидаги узумзор боғлар ва тадбиркорлик билан шуғулланади. Бу қишлоқда яшовчи ҳар бир одам тадбиркор десак муболаға бўлмайди.

32-мактаб директори Олим Дилмуродовнинг айтишича, мактабда жами 46 нафар ўқитувчи бор ва улардан 31 нафари бошқа вилоятлардан келиб дарс бермоқда. Бошқа вилоятлардан ўқитувчиларни Сойғўсга мактаб илмий бўлим мудири Искандар Назаров ва директор Олим Дилмуродов таклиф этган.

Математика фани ўқитувчиси Баҳодир Эгамбердиев Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидан келиб дарс беради: «Мактабга 2009 йил келганман. Ўқувчилар, қишлоқ аҳли маъқул бўлгани учун шу ерда дарс бериб келяпман», дейди устоз.

Рус тили ўқитувчилари Сафар Каримов ва унинг турмуш ўртоғи Шамсия Каримова, ўзбек тили ўқитувчиси Марҳабо Бердиева, физика фани ўқитувчиси Ихтиёр Тошев ва унинг турмуш ўртоғи – бошланғич синфлар ўқитувчиси Хуршида Қодирова Бухоро вилояти Шофиркон туманидан келиб ишлаяпти.

«Сойғўсдаги мактабга турмуш ўртоғим билан 2012 йилда келганмиз. Ўшандан бери шу ерда ўқувчиларга дарс берамиз. Мақсадимиз маҳаллий ёшларни ўзимизга ўринбосар қилиб тайёрлаш. Қачонгача мактабга бошқа вилоятлардан келиб дарс беришади? Биз маҳаллий кадрларни тайёрлаб беришимиз керак. Қишлоқ ёшларидан ҳам муносиб кадрлар етишиб чиқиши лозим», дейди Сафар Каримов.

Ўзбек тили фани ўқитувчиси Дилафрўз Муҳамедова Бухоро вилояти Қоракўл туманидан келган бўлса, инглиз тили ўқитувчиси Ҳаётхон Алламова Хоразм вилояти Боғот туманидан келиб ўқувчиларга таълим бермоқда. Шунингдек, ўтган йили мазкур мактабга Фарғона вилояти Сўх туманидан бўлган ўқитувчи Асатилло Бобоев ҳам ишга келган. Бир сўз билан айтганда, бугун Сойғўсдаги мактабда бутун Ўзбекистондан келиб дарс беришмоқда.

Ўқитувчиларнинг айтишича, қишлоқ аҳли уларнинг ҳурматини жойига қўяди. Шу сабаб ҳам бошқа вилоятлардан келиб ишлаётган ўқитувчиларга бўш турган хонадонлардан жой қилиб беришган. Ўқитувчилар орасида оилавий келиб ишлаётганлар ана шу хонадонларда ўз уйларидагидай яшаб келишмоқда. Биз билан суҳбатлашган ўқитувчиларнинг аксарияти Сойғўсдаги мактабга ишга келишдан аввал бориб кўрай, ёқса қолиб ишлайман, ёқмаса қайтиб келаман, деб бу ерга келганини, қишлоқ аҳлининг ўқитувчиларга муомаласи ва муносабати, яратилган шароитлар ёқиб қолгани учун шу ерда қолиб ишлашга қарор қилгани ҳақида гапирди.

Улар ўқув йили давомида чораклар орасидаги таътилда ва турли байрамлар муносабати билан бериладиган 2–3 кунлик дам олиш кунларида уйларига бориб келишади. «Легионерлар» мактабига сафаримиз сўнгида мактаб директорининг илмий бўлим мудири Искандар Назаров билан суҳбатлашдик. У 32-мактабда ишлаётган маҳаллий ўқитувчилардан бири. Шунингдек, Искандар домла бир пайтлар шу мактабда директор лавозимида ҳам ишлаган ва бошқа вилоятлардан келиб ишлаётган ўқитувчиларнинг аксариятини у олиб келган.

«1983 йил ўқишни битириб келиб қишлоғимиздаги мактабда ўқитувчилик қила бошладим. 2–3 йил ўтиб тадбиркорлик қилиш учун ишдан бўшадим. Орадан йиллар ўтиб, 2011 йилда 32-мактабга директор этиб тайинлашди. Ўша пайтда бу мактабда олий маълумотли педагог йўқ эди. Ўқитувчиларнинг аксарияти ўрта махсус дипломли, айримлари мактаб аттестати билан дарс берарди. Шундан сўнг мен мактабдаги ҳолатни яхшилаш учун ўз ҳамкурсларим ёрдамида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан бир гуруҳ ўқитувчиларни топиб, бу ерга ишга олиб келдим. Уларни уйимга жойлаштириб, барча шароитни яратиб бердим. Шу тариқа ўшандан буён бошқа вилоятдан яхши ўқитувчиларни таклиф этиб келяпмиз. Мақсадимиз — қишлоқ болаларидан ҳам ўқимишли ёшлар чиқиши.

Қишлоғимиз аҳли азалдан тадбиркорлик билан шуғулланиб, яхши пул топади. Шу сабаб ўқишга қизиқиш кам, ОТМга топшириш ҳақида ҳам кўпчилик ўйламайди. Аммо сўнгги йилларда ҳолат ўзгарди. Одамларимизнинг илмга, ўқишга қизиқиши ортяпти. Шу сабаб бугун мактабимиз битирувчиларининг 25 нафардан ошиғи турли ОТМларда таҳсил олмоқда», дейди Искандар домла.

Сойғўсдан қайтар эканмиз, бу қишлоқда ёш авлод ишончли қўлларда эканига амин бўлдик. Тадбиркор элнинг болалари ҳам ўқишга қизиқишни бошлаган экан, тез орада уларнинг ўзи ҳамқишлоқларини ўқита бошлайди. Ҳам тадбиркорлик, ҳам таълим ривожланган жойда эса тараққиёт тезлашади.

Ғайрат Йўлдош, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид