Ўзбекистон | 13:42 / 01.06.2021
6988
3 дақиқада ўқилади

«25 ёшга тўлмаганларни ишга олганларга солиқ имтиёзлари бор, бироқ ҳаммага эмас» – ССП ҳукумат қарори лойиҳаси ҳақида

25 ёшга тўлмаган ёшларни ишга олган иш берувчиларга ижтимоий солиқ бўйича имтиёз берилмоқда, бироқ бу якка тартибдаги тадбиркорлар учун амал қилмайди. Шунингдек, имтиёзни олиш учун бир қанча талаблар ҳам қўйилмоқда. Савдо-саноат палатаси қарор лойиҳаси юзасидан жамоатчилик экспертизаси хулосасини эълон қилди.

Фото: Fotolia

Савдо-саноат палатаси ВМнинг «Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси юзасидан жамоатчилик экспертизаси хулосасини тақдим этди.

Лойиҳанинг биринчи бандида 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилиши назарда тутилган.

ССП хулосасига кўра, лойиҳа билан юқорида келтирилган имтиёз якка тартибдаги тадбиркорларга татбиқ этилмаслиги белгиланмоқда. Бироқ, лойиҳани ишлаб чиқишга асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармонида бундай чеклов назарда тутилмаган.

«Кўриниб турибдики, мазкур чеклов юқоридаги фармонга зид келмоқда. Шу боис, лойиҳада мазкур имтиёзлар якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам татбиқ қилинишини белгилаб қўйиш лозим», – дейилади хулосада.

Шунингдек, ССП қарорнинг 7-бандида назарда тутилган талабга қарши позиция билдирмоқда. Ушбу бандда имтиёздан фойдаланиш учун иш берувчининг ариза топширган сана ҳолатига солиқлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги шарт эканлиги белгиланган.

«Таъкидлаш лозимки, ушбу имтиёздан фойдаланиш учун тадбиркорлик субъектларига қўшимча талаб белгиланмоқда. Бироқ, лойиҳани ишлаб чиқишга асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармонида бундай талаб назарда тутилмаган. Бундан ташқари, ушбу имтиёзни юқоридаги шаклда (иш берувчининг ариза топширган сана ҳолатига солиқлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги лозимлиги) талаб қўйиш амалда имтиёз самарасини йўққа чиқариб, мазкур норманинг ишламаслигига сабаб бўлади», – дейилади жамоатчилик экспертизаси хулосасида.

Шу сабабли «бунда, иш берувчининг ариза топширган сана ҳолатига солиқлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги шарт» жумласини чиқариб ташлаш лозимлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, лойиҳа иловаси 11-бандига кўра, «Ҳисобот ойи учун ижтимоий солиқ суммасининг қайтарилиши бўйича ариза иш берувчи томонидан ҳисобот тақдим этиш санасидан бошлаб 6 ой муддатдан кечиктирмасдан тақдим этилиши лозим»лиги белгиланган.

ССП ўз хулосасида қарорга асос бўлган Президент фармонида бундай талаб йўқлиги, ортиқча талаблар туфайли норма амалда ишламаслигига урғу берилган. Шу сабабли, ушбу банд чиқариб ташланиши тавсия қилинмоқда.

Aввалроқ, ССП ноқонуний иморатларни суд қарорисиз бузиш банди киритилган қарор лойиҳасига қарши позиция билдиргани хабар қилинганди.

Мавзуга оид