Ўзбекистон тараққиётига оид қатор йўналишларни қамраб олган давлат дастурига кўра, 2021 йилнинг 1 майига қадар Сўз эркинлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни янада кучайтириш бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди. Бу масала бўйича амалга оширилган ишлар билан танишиш учун Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизматидан изоҳ олдик.

Давлат дастурида белгиланган лойиҳа бўйича амалга оширилган ишлар

Мазкур топшириқ бўйича «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари очиқлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда лойиҳани мутасадди ташкилотлар билан келишув жараёни давом этмоқда.

Кутилаётган янгиликлар, ОАВ учун имтиёзлар

Лойиҳада агентликка ахборот ва сўз эркинлигини, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан йилига икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот киритиб туриш масъулияти юкланмоқда.

Шунингдек, лойиҳага кўра оммавий ахборот воситаларига бир қанча солиқ имтиёзлари ва преференциялар белгиланмоқда. Масалан:

  • оммавий ахборот воситаларидан ундириладиган фойда солиғи;
  • оммавий ахборот воситаларидаги реклама учун қатъий белгиланган қўшилган қиймат солиғи ставкаси;
  • оммавий ахборот воситалари таҳририятларида фаолият кўрсатаётган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан имтиёзлар;
  • даврий босма нашрлар ҳамда уларнинг муассислари томонидан чет элдан импорт қилинадиган газета ва офсет қоғозларни, матбаа ускуналарини олиб кириш учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) камайтирилиши;
  • оммавий ахборот воситалари таҳририятлари учун давлат мулки объекти учун ижара тўлови ушбу объектга нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасидан ҳам камайтирилишини назарда тутувчи меъёрлар ўрин олган.

Айтиб ўтиш жоизки, ишлаб чиқилган лойиҳа давлат органлари ва ташкилотларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган нормалар билан бойитилган.

Албатта, ушбу ҳужжат ҳозирда лойиҳа мақомида бўлиб, масъул ташкилотлар томонидан тўлиқ келишувдан ўтказилганидан кейин ОАВга яна қўшимча маълумот берилади.