Ўзбекистон | 11:36 / 02.06.2021
9930
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёнинг тўрт туманига алоҳида солиқ имтиёзлари берилади

Сурхондарёнинг тўрт туманига алоҳида солиқ имтиёзлари берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Бир ой ичида Сурхондарё бўйича алоҳида қарор берасизлар. Вазирлар жойларда ишлайди, Шерободга, Ангорга бориб ишлайсизлар. 60 сектор бўйича аниқ рейтинг тизими жорий қиласизлар. Ҳар бир сектор бўйича вазир ўз йўналишини ўргатиб, кейин Тошкентга қайтади.

Вилоятдаги 721 та маҳаллага алоҳида мутасаддилар бириктирилади. Ҳар бир режа пухта амалга оширилиши керак. Вакил ўзинг секторига бориб яшайди.
 
Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларини комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган 3 йиллик дастурлар ижросига алоҳида эътибор қаратилади. Бу 4 та туманда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ер, мол-мулк, кичик корхона айланмасидан олинадиган солиқлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан 2024 йил 1 январга қадар озод этишни таклиф қиламан.

Шунингдек, вилоятдаги тоғли ва ерлари шўрланган ҳудудларда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ҳам, 2024 йил 1 январга қадар юқоридаги солиқлардан озод қилиш ҳамда фойда солиғи ставкасини 2 баробарга камайтиришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Биламан, солиқ масаласи оғир. Лекин мен ўша қийинчиликни ўз зиммамга оламан, пенсия, нафақаларга майли Сурхондарёдан эмас, бошқа манбадан топарман. Аммо шунга яраша натижа бўлиши керак", деди давлат раҳбари.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид