Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрта турмушга берилган аёлларнинг ярмидан кўпи ўқишини давом эттирмаган — тадқиқот
Эрта никоҳ ва эрта туғуруқ энг кўп тарқалган вилоят – Самарқандда социологик тадқиқот ўтказилди.
«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти эрта никоҳ ва эрта туғуруқ сабабларини аниқлаш бўйича социологик тадқиқот ўтказди. Бу ҳақда институт директори ўринбосари Ҳамид Абдураҳмонов 3 июн кунги брифингда маълум қилди.
Тадқиқот эрта никоҳ ва эрта туғуруқ ҳолатлари энг кўп қайд этилаётган ҳудудлар – Самарқанд вилоятининг Ургут ва Самарқанд туманлари ҳамда Самарқанд шаҳрида, 2021 йил феврал ойида ўтказилган.
Унда эрта турмуш қурган ва эрта туғуруқни бошидан кечирган 250 нафар ўсмир қиз ва ёш келинлар иштирок этган.
Эрта никоҳ сабабчиси – ота-оналар
Натижаларга кўра, эрта турмушга чиққан келинларнинг 70 фоизи эрта никоҳнинг асосий сабабчиси сифатида ота-она ва оила аъзоларини кўрсатган.
26 фоиз иштирокчи эрта турмуш қурганини севги-муҳаббат билан изоҳлаган. 3,4 фоизи бу ҳомила билан боғлиқ бўлганини, 1,5 фоизи эса ёш эрга тегишига диний қарашлари сабаб бўлганини билдирган.
«Эрта турмуш қуриш оқибатида 38,2 фоиз ўсмир қизларнинг соғлиғи, 22,9 фоизида ота-онаси ва бошқа оила аъзолари билан муносабатлар ёмонлашган.
25,2 фоизи иқтисодий қийинчиликларга дуч келган. Шунингдек, 9 фоиз ҳолатда эрта турмуш келиннинг яқин дўстлари билан алоқалари узилишига олиб келган», – деди Ҳамид Абдураҳмонов 3 июн куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда.
Ёш турмушга чиққанларнинг катта қисми тўйдан кейин ўқишини давом эттирмаган
Унинг сўзларига кўра, эрта турмуш қуриш ёшида ўсмирлар мактаб, коллеж ёки лицейда ўқиётган бўлади, шундан келиб чиқиб, респондентларга «Оила қурганингиздан кейин ўқишингизни давом эттирдингизми?» деган савол берилган.
Саволга жавобан, бор-йўғи 37,6 фоиз ёш келин тўйдан кейин ўқишини давом эттирганини маълум қилган. Респондентларнинг 25,6 фоизи ўқишни давом эттиришга эри рухсат бермаганини, 17,1 фоизи ўқишни давом эттиришни ўзи хоҳламаганини, 13,3 фоизи эса ўқишига қайнона/қайнотаси қарши бўлганини айтган.
Ёш эрга теккан келинларнинг 13 фоизи ҳомиладорлик ва туғуруқ даврида зарур тиббий ёрдамни умуман олмаган
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, 41,6 фоиз респондент ҳомиладорлик ва туғуруқдан кейинги даврда зарур тиббий ёрдамни тўлиқ олган. Аммо жами респондентларнинг 12,7 фоизи тиббий ёрдамни тўлиқ олмагани, 25,1 фоизи эса зарурий даражада олмаганини билдирган.
7,2 фоиз респондент тиббий ёрдамга кўп маблағ сарфлашга тўғри келганини таъкидлаган.
Тўртта ҳудудда чуқурлаштирилган тадқиқотлар ўтказилади
Брифингда айтилишича, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси мазкур тадқиқотга катта қизиқиш билдирган. 2021 йил июн-июл ойларида Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорликда эрта никоҳ ва эрта туғуруқ ҳолатлари кўп кузатилаётган Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари, Наманган ва Тошкент шаҳрида чуқурлаштирилган социологик тадқиқот ўтказиш режалаштирилган.
Тадқиқот натижалари асосида таҳлилий маълумотнома тайёрланиб, Олий Мажлис Сенати ва Самарқанд вилояти ҳокимлигига тақдим этилган.
Энг кўп эрта никоҳ – Самарқанд ва Қашқадарёда
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда 88 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилган. Таҳлиллар ўтган йилга нисбатан эрта никоҳлар сонининг 97 фоизга камайганини кўрсатган.
Бунинг асосий сабабларидан бири – 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши (18 ёш) тенглаштирилганидир. Фақат туман/шаҳар ҳокими никоҳ ёшини 1 йилга камайтиришга рухсат берган ҳолатлардагина никоҳлар ФҲДЁ бўлимларида қайд этган.
Бироқ, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтига кўра, аслида аксарият ҳолатларда эрта никоҳлар яширин тусга эга.
«Таҳлиллар эрта никоҳ ҳолатлари асосан Ургут, Самарқанд, Паст Дарғом, Каттақўрғон, Денов, Шаҳрихон туманлари, Наманган, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида кўп қайд этилганини кўрсатди.
2020 йилда 1044 та эрта туғуруқ ҳолати қайд этилган бўлиб, 2019 йилга нисбатан 12,7 фоизга камайган. Аммо ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, эрта туғуруқларнинг қарийб ярми, яъни 43,1 фоизи Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари улушига тўғри келади», – деди институт директори ўринбосари Ҳамид Абдураҳмонов.
Мавзуга оид
22:51 / 26.12.2025
Никоҳ ёшига етмаганлар билан турмуш қурганлик учун жазо чоралари кучайтирилади
22:29 / 24.09.2025
Сурхондарёда вояга етмаган қизга уйланган эркакка жиноят иши очилди
16:35 / 26.11.2024
Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогер жаримага тортилди
19:03 / 22.11.2024