Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Самолётни биз қўндирмадик, Қримни биз қўшиб олганимиз йўқ, Навальнийни ҳам биз ҳибсга олмадик» - қозоғистонлик сиёсатшунос ЕОИИ ва санкциялар ҳақида
Қозоғистонлик сиёсатшунос Талгат Калиевнинг фикрига кўра, Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида ғарб давлатларига нисбатан ЕОИИнинг жавоб санкцияларига қўшилмаслиги керак.
Сиёсатшунос Facebook’даги саҳифасида ўз фикрларини ёзиб қолдирган. Ztb.kz нашри унинг матнини эълон қилди.
«Европа авиакомпаниясининг самолётини биз қўндирмадик, Қримни биз қўшиб олганимиз йўқ, Навальнийни ҳам биз ҳибсга олмадик. Бу қилинганида, ҳеч ким биз билан маслаҳатлашмади ва бирга қарор қабул қилишни таклиф этмади. Хўш, нега энди масъулият бир хил бўлиши керак?
Умуман олганда, биз халқаро ҳуқуққа зид равишда бўлган ҳамда танқид қилинаётган бирон бир иш қилмадик. Бундан ташқари, ўттиз йил мобайнида Қозоғистон ўз мажбуриятларини қатъият билан бажариб, тахмин қилинадиган ташқи сиёсатга эга тинчликсевар давлат имижини шакллантирди.
Бизга ЕХҲТ раиси курсиси, БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилиш ишониб топширилди. Биз шунчаки қўл бериб кетадиган эмас, балки ҳурматга сазовор давлат эканимизни кўряпмиз.
Талабаларимиз бутун дунё бўйлаб ўқишмоқда, аксарият инвесторлар мамлакатимизга ишонч билдиряпти. Ва биз, АҚШ элчихонаси қум бочкалари билан эмас, балки гулзорлар билан ўралган дунёдаги камсонли давлатлардан биримиз. Бу ҳам мамлакатимиз хавфсизлик даражасини тан олиш бўйича кўрсаткичлардан бири экани ҳақиқат.
Хўш, нима учун биз бутун дунёга нисбатан ЕОИИнинг санкцияларига қўшилишимиз керак? Биз Қримда дам оляпмизми ёки қўндирилган самолётдан қандайдир фойда кўряпмизми?
Қурбонликлар қандайдир юқори ғоялар билан оқланиши ёки бошқа имтиёзларни олиш нуқтайи назаридан оқилона бўлиши керак. Бундай ҳолда буларнинг ҳеч бири йўқ. Иттифоққа аъзолик ҳозирча биз учун плюс жиҳатларга қараганда кўпроқ минус бўлиб чиқяпти, ҳеч ким бу интеграция бирлашмасидаги мафкуравий томонни эса умуман изламаяпти. Айниқса, Думадаги айрим депутатларнинг салбий тасаввур қолдирадиган баёнотлари фонида.
Умид қиламанки, бизнинг музокарачиларимиз санкцияларга қўшилмаслик ҳуқуқимизни ҳимоя қилиш учун етарлича кучга, принципларга ва далилларга риоя қилишади. Шахсан мен темир парда ортида бўлишни ҳам, биз билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бошқаларнинг ишлари учун ҳам жавобгарликни ҳис қилишни истамайман”, дейди қозоғистонлик сиёсатшунос.
Маълумот учун, Евросиё иқтисодий иттифоқи 2014 йил 29 майда ташкил этилган иқтисодий иттифоқ бўлиб, унга Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон давлатлари киради. Евросиё иқтисодий иттифоқи аъзо давлатларнинг бир-бири билан халқаро ва ўзаро бирликни кучайтиришни ўз ичига олади.
Молдова 2017 йилнинг апрелида ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Ўзбекистон ва Куба 2020 йилнинг 11 декабрида кузатувчи мақомига эга бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойи охирларида Минскда Nexta мухолифатчи Telegram-канали собиқ муҳаррири Роман Протасевич қўлга олинди. У учаётган самолёт - Греция пойтахти Aфинадан Литва пойтахти Вильнюсга парвоз қилган Ryanair лайнери 23 май куни Беларус осмонидан учиб ўтаётганда қўндирилди. Бу воқеа кўп можароларни бошлаб юборди. Самолёт бортида бомба борлиги айтилиб, уни қўндириш учун қирувчи самолёт ҳам жалб қилинди.
Ҳодиса Европада жиддий хавотир уйғотди. Европа иттифоқи Беларусь билан авиақатновларни тўхтата бошлади. БМТ Ryanair самолётининг мажбуран қўндирилишини куч ишлатиб қўндириш, деб баҳолади.
Беларусда мамлакат авиацияси хаос ҳолатига тушиб қолди. Европа осмони Беларусь самолётлари учун ёпилди, Belavia учоқлари сарсон бўла бошлади.
Мавзуга оид
22:33 / 29.05.2026
Путин Арманистоннинг Евроиттифоққа интилишига муносабат билдирди
16:48 / 29.05.2026
Шавкат Мирзиёев ЕОИИ билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг 5 устувор йўналишини санади
09:13 / 28.01.2026
Қирғизистон Россия устидан ЕОИИ судига даъво аризаси киритди
17:44 / 02.10.2025