Спорт | 22:26 / 06.06.2021
29767
5 дақиқада ўқилади

Украиналикларнинг Евро-2020 учун формасида Қрим ифодаланган харита акс этди. Россиядагилар бундан норози

Европа чемпионати арафасида кичик можаро юзага келди.

Фото: UAF.UA

Ўзи нима бўлди?
11 июнь куни бошланадиган Евро-2020 турнирида иштирок этувчи Украина миллий жамоаси янги либосларини тақдим этди.

Футболкада Украина харитаси тасвирланган бўлиб, унда 2014 йил Россия таркибига қўшиб олинган Қрим яримороли харитаси ҳам акс этган.

Бундан ташқари, либос ёқасида украин миллатчилари ва ўнгларни ифодаловчи «Слава Украине» ва «Героям слава» шиорлари туширилган.

«Украина терма жамоаси Евро-2020да янги, махсус формада иштирок этади. Ҳар бир украин учун қадрли бўлган талисман ва рамз унинг асосий атрибутидир. Бу мамлакатимиздаги барча учун энг қимматли қиёфадир. Қрим, Донецк, Луганск, Киев, қадрдон Днепр, Львов, Одесса ва болаликдан энг асосий куй миллий мадҳия бўлган барча шаҳарлар ҳамда қишлоқлар билан бўлинмас ва ягона ватан. «Украинага шон-шарафлар!» ва унга жавобан қайтариладиган «Қаҳрамонларга шон-шарафлар!» шиорлари энди формада ҳам бўлади ва футболчиларимизни янги ғалабаларга илҳомлантиради.

Ишонамизки, Украина силуэти футболчиларга куч беради, ахир улар бутун Украина учун курашади. Бутун Украина, Севастопол ва Симферополдан Киевгача, Донецк ва Луганскдан Ужгородгача — уларни ҳар бир ўйинда қўллаб-қувватлайди. Бу Евро-2020да яхшироқ ўйнаш иштиёқида ёнаётган футболчилар учун ҳам, Андрей Шевченконинг жамоасига ишонч билдираётган миллионлаб мухлисларимиз учун ҳам жуда муҳим. Футбол ва миллий терма жамоа Украинани бирлаштиради. Украинага шон-шарафлар бўлсин», — дея ушбу комплектни изоҳлаган Украина футбол ассоциацияси раҳбари Андрей Павелко Facebook’даги саҳифаси орқали.

Россиядагилар бу ҳақда нима дейишмоқда?
«Украинани аста-секинлик билан унутишмоқда, дунёда бошқа муаммолар етарли. Ҳозирда кун тартибида Америка ва Россия президентларининг тарихий учрашуви. Украина ўзи ҳақида эслатиб қўйиш учун қандай бўлмасин сабаб қидирмоқда. Россиялик журналистлар ҳам ҳозир пашшадан фил ясамоқда, бунга эса бутун дунё эътибор қаратмоқда. Ким формага қаради? Мен уларнинг формасида нима тавсирланганини тушунмадим ҳам. Биз бунга эътибор қилишимиз керак эмас. Яхшиси Европа чемпионати арафасида терма жамоамизни муҳокама қилайлик. Журналистлар тинчланиши керак, барча муаммо сизда», — деган Давлат думаси депутати Игорь Лебедев.

«Чемпионат регламентига кўра бундай қилиш мумкин эмас. Бу формада бўлиши мумкин бўлмаган сиёсий шиор. Агар УЕФА раҳбарияти кўр бўлмаса, улар Украинага бу формада иштирок этишни тақиқлаши керак. Бу халқаро спорт мусобақалари принципини бузишдир — спорт сиёсатдан холи! Шахсан менга украинларнинг формасида нима бўлиши қизиқ эмас. Улар кучли жамоа бўлса ҳам майли эди. Ахир улар аутсайдерларку. Биринчи йирик мағлубиятдан кейин улар ҳақида унутишади. Бу Украина ҳеч кимга қизиқ эмас», — деган бошқа бир депутат Виталий Милонов.

Чиндан ҳам Украинага бу формада ўйнаш тақиқланиши мумкинми?
Европа чемпионати регламентида нималар дейилган:

— 54.2 модда. «Иштирок этувчи ассоциациялар УЕФА маъмурияти томонидан тасдиқланган кийимлардан фойдаланиши керак. Янги ўйин либослари намуналари УЕФА маъмуриятига тасдиқлаш учун фойдаланилишидан камида тўрт ҳафта олдин юборилиши керак».

54.4 модда. «Турнирнинг финал қисми учун мўлжалланган якуний тўпламлар иштирокчи ассоциациялар томонидан УЕФА маъмуриятига юборилиши керак. Ушбу процедуралар асосида УЕФА маъмурияти турли предметларни тасдиқлаш ёки рад қилиш бўйича қарор чиқаради».

Тақиқлар бўйича 54.05 моддада шундай дейилади: «Турнир давомида қўлланадиган экипировкаларнинг барча предметлари ҳар қандай ҳомийлик рекламаларидан холи бўлиши керак».

Украина миллий жамоаси Евро-2016 турнирида кийган формада ҳеч қандай харита ва шиорлар бўлмаган. Футболканинг олд томонида график принт бўлиб, бу мамлакат маданияти ва анъаналарига алоқадор эмасди.

Комплект бошқаларга ҳам ёқмаган. Британиянинг Sky Sports телеканали ўз томошабинлари ўртасида ўтказган сўровнома натижаларига кўра украинларнинг формаси турнирнинг 24 иштирокчиси орасида энг ёмони деб топилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид