Жаҳон | 18:17
2393
5 дақиқада ўқилади

Соловёв дронлар ҳужумини тасвирга олганларни қамашни талаб қилди

Россия пропагандаси Украина қуролли кучларининг Москвага амалга оширган энг йирик ҳужумига қандай муносабатда бўлди: Z-блогерлар ҳаво Москвага кириб келаётган юзлаб дронларни уриб туширган (аммо Капотняга ҳужумни ўтказиб юборган) ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини мақтади. Телевидение эса бу воқеаларни деярли ёритмади.

AFP / Scanpix / LETA

Телевидение

Россиядаги федерал каналлар Украина қуролли кучлари дронларининг Москвага ҳужумларини амалда эътиборсиз қолдиришди. Биринчи канал ҳам, «Россия 1» ва НТВ ҳам бу мавзуни анонсларнинг дастлабки блокига киритмаган.

Бирорта телеканал ҳужум ҳақида алоҳида сюжет тайёрламади: бошловчилар шунчаки Москва шаҳри мэри Сергей Собянин ҳамда Москва области губернатори Андрей Воробевнинг расмий ҳисоботларидан қисқача иқтибос келтирган. Биринчи канал Воробевнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинган постидан фотосуратларни кўрсатиш билан чекланган.

Кундузги янгиликларда ҳам на НТВ ва на Биринчи канал ҳужум ҳақида тўхталмаган. «Россия 1» телеканали эса эрталабки дастурда бўлгани каби Собянин ваи Воробевнинг баёнотларидан иқтибос келтирган, жумладан, Москва областининг яраланганлар сони бўйича маълмотини эълон қилган.

Пропагандачилар

Асосий пропагандачилар эса асосан ҳужумлар ва уларнинг оқибатларини тасвирга олганларни қаттиқ жазолаш зарурлиги ҳақидаги тезисларни такрорлашган.

«Тунда биз Киевнинг қаеригадир баллистика билан зарба берди. Холисликка даъво қилувчи испан блогери [Анатолий Шарий]да бу мавзуда деярли умуман фото бўлмади. Деярли йўқ. Лекин лентаси Москва области бўйича зарбалар кадрларига тўлиб кетган. Шунинг учун жўнатаётганларнинг барчасини қамоққа ташлаш зарур. Намойишкорона тарзда», – деган эрталабки эфирда Владимир Соловёв.

«Соловьев Live» бошловчиси Армен Гаспарян кучишлатар тузилмаларни юздан таниш тизими орқали видео муаллифларини қидиришга, кейин эса уларни ҳибсга олиб, сўроқ пайтида «тилка-пора қилиш»га чақирган. У видеога олувчиларни «бир тийинга қиммат аблаҳлар» ва Украина қуролли кучларининг «кўнгилли ёрдамчилари» деб атаган.

ВГТРК бош директори ўринбосари Андрей Медведев «ҳозирда бутун Украина ижтимоий тармоқлар сегментида Москвадаги объектларга зарба берилиши акс этган кадрлар тарқалаётгани»ни айтган. «Бу ўринда шундай савол туғилади: зарба келиб тушишини суратга олганлар учун 275-модда бўйича жиноий ишлар қани?» – дея ёзган у.

У, шунингдек, «хомхаёлларга берилмаслик кераклиги, Россия Украина билан эмас, умуман Ғарб Россияга қарши курашаётгани»ни таъкидлади ва ҳужум G7 саммити якунланганидан бир кун ўтиб содир бўлганига эътибор қаратди.

Z-блогерлар

Телеграмда ҳарбий мавзуда ёзувчи бошқа кўплаб муаллифлар ҳам ижтимоий тармоқда зарбалар бўйича видеолар жуда кўплигидан норозилик билдирган, аммо бунга қарши курашишдан маъно йўқлигини қайд этишган.

«Тармоқдаги зарбалар кадрларига кўникиш ва улар билан тўғри ишлашни ўрганиш керак», – дея ёзган «Zаписки Vетерана» канали (295 минг ўқувчиси бор) ва НАТОда «энг юқори аниқликдаги сунъий йўлдошлар мавжудлиги», улар орқали олинган маълумот барибир Украина қуролли кучларига берилишини қайд этган. «Rybar» (1,56 миллион ўқувчи) кўп сонли видеолар фонида «ҳужумлар пайтида ҳар қандай алоқани блоклашга уринадиган хизматлар ва органлар ўйлаб топаётган чоралардан ажабланмаслик кераклиги»ни ёзди.

Шу билан бирга, Z-муаллифларнинг бир қисми воқеа жойидан видеолар чиқишини «Садовод» савдо марказида ва Москва жануби-шарқидаги бошқа бозорларда ишловчи хорижликлар зиммасига юклаган. Телеграмдаги Colonelcassad канали (750 минг ўқувчи) муаллифи бўлган блогер «уларни камера қаршисига тўплаш», жарима солиш ва келгусида мамлакатга киришни тақиқлаган ҳолда депорт қилиш таклифини берган.

Ҳарбий мавзуда ёзувчи блогерларнинг бир қисми эса пойтахт региони устида дронларни уриб туширган (аммо Капотнядаги заводга зарбани ўтказиб юборган) ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини мақтаган. «Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари олдида шляпамни ечаман […]. ПВО шаҳарга кириш ҳудудида 180 та нишонни йўқ қилди – бир ой олдин бундай рақамларни келтириб бўлмасди. Зенитчилар ва радиоэлектрон кураш воситалари расчётлари пойтахт регионида имкони бўлган максимал суръатда ишлашди», – дея ёзган «ҳарбий мухбир» Александр Коц (480 минг ўқувчи). «Дунёдаги бирорта ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ёппасига ҳужумга дош бериб, 100 фоиз натижа кўрсата олмайди. Фақат дронларнинг ўзи билан эмас, балки дронларни учиришнинг асосий сабабларига қарши курашиш вақти келди», – дея ёзади «Белорусский силовик» (439 минг ўқувчи) «Киевдаги қарор қабул қилиш марказларига зарба бериш зарурлиги»га ишора қилган ҳолда.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид