Жаҳон | 20:45 / 07.06.2021
5081
2 дақиқада ўқилади

Австралиянинг энг йирик авиакомпаниясида жиноятчиларга алоқадор ўнлаб одамлар ишлаши маълум қилинди    

Австралиянинг энг йирик авиакомпанияси Qantas ходимлари орасида уюшган жиноий гуруҳларнинг 150га яқин одами ишлаши маълум қилинди. Бу ҳақда Австралия махсус хизматлари томонидан ўтказилган Project Brunello махфий операцияси натижаларига таяниб The Sydney Morning Herald нашри маълум қилди.

Махсус хизматлар маълумотларига кўра, компания ходимлари орасига жиноий элементларнинг сингдирилиши жиноий гуруҳларга гиёҳванд моддаларни ташиш ва миллий хавфсизликка хавф солувчи бошқа фаолият билан шуғулланиш имконини беради. 

 Махсус хизматлардаги манбаларнинг таъкидлашича, Qantas ходимлари орасига киритилган ва энг катта хавотир туғдирувчи шахслардан бири халқаро наркокартел бошлиғи Хакан Айикка алоқадор одам ҳисобланади. У авиакомпаниянинг Сидней аэропортидаги бўлимида ўрта бўғин бошқарувчиси сифатида фаолият юритади. Маълумотларга кўра, ушбу шахс гиёҳванд моддаларни ташиш учун авиакомпанияга жиноятчиларни ишга жойлаш билан шуғулланган. Таъкидланишича, авиакомпанияга кириб олган бошқа хавфли шахслар орасида экстремизм, болалар эксплуатацияси, жумладан, болалар порнографияси билан шуғулланувчи одамлар бор.  

Qantas вакиллари махсус хизматлар тақдим қилган маълумотлардан жиддий хавотирга тушиб, мутасадди идоралар билан ҳамкорлик қилишга тайёрликларини билдиришган. Бу орада парламентдаги мухолифат пайдо бўлган ушбу ахборот ортида мамлакатнинг барча аэропортларини зудлик билан текширишни талаб қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид