22:59 / 08.06.2021
22119

Суд раислари учун Skoda Kodiaq ва Malibu-2 машиналари харид қилинди. Олий суд харидлар қонунчиликка зид эмаслигини билдирди

Ижтимоий тармоқларда суд тизими мансабдорлари учун жами 10 млрд 129 млн сўм қийматдаги 26та Skoda Kodiaq ва 3та Malibu-2 русумли автомобиллар харид қилингани, ушбу харидлар қонунчиликка зид равишда амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу хабарларга илова қилинган суратда Молия вазирлигининг Олий судга йўллаган жавоб хати экс этган бўлиб, унда Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг ҳудудий бўлимлари томонидан суд раисларини хизмат автомашинаси билан таъминлаш мақсадида 347 млн сўмдан вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси учун жами 26 дона Skoda Kodiaq Ambition русумли ва 369 млн сўмдан Тошкент шаҳри учун жами 3 дона Malibu-2 русумли транспорт воситалари харид қилинишига вазирлик томонидан эътироз йўқлиги билдирилган.

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов ушбу масалада Kun.uz’га маълумот берди. У «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 79-моддасига мувофиқ жорий йилнинг май ойида вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раисларига Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 26 дона Skoda Kodiaq ва 3 дона Malibu-2 автомашиналари харид қилинганини тасдиқлади.

Олий суд расмийси мазкур автомашиналарнинг харид қилиниши сабабини вилоят судлари раисларининг хизмат автотранспорт воситалари эксплуатация муддатини ўтагани ҳамда маънан ва жисмонан эскиргани билан изоҳлади.

«Айни пайтда турли ижтимоий тармоқларда судлар учун харид қилинган хизмат автотранспорт воситалари хусусида турли танқидий мақолалар чиқмоқда. Ушбу мақолаларда қандайдир қонун бузилиш ҳолати ёки бирор-бир меъёрий ҳужжатга амал қилинмаганлик ҳолати кўрсатилмаган. Шу билан бирга, суд тизими учун харид қилинган автомашиналарда ушбу ҳолатлар мавжуд эмас.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2021 йил 29 апрелдаги 258-сонли қарорида ҳам суд органлари киритилмаган. Шунга кўра, мазкур қарорларда белгиланган меъёрлар ва чекловлар суд органларига тегишли эмаслиги эслатиб ўтилади», – дейди Азиз Обидов.

Айтиш жоизки, юқоридаги ҳукумат қарорида хизмат автомобиллари харид қилишга қўйилган чекловлар давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, яъни ижро ҳокимияти тизими учун белгиланган. Қарорда қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти мансабдорлари учун бирор чекловлар назарда тутилмаган.

Маълумот учун, ҳукумат қарорига асосан, давлат бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари учун БҲМнинг 700 баравари (171,5 млн сўм)дан юқори нархдаги хизмат автомобили сотиб олиш тақиқланади.

Top