Жамият | 16:09 / 10.06.2021
5543
5 дақиқада ўқилади

Инсон капиталининг юқори эмаслиги иқтисодий ўсиш имкониятларини чеклайди – халқаро экспертлар таълимга сармоя киритиш муаммолари ҳақида

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва Жаҳон банки таълим соҳасидаги ўнлаб маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида халқаро форум ташкил этди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Форумда Европа ва Осиё давлатларининг таълимга сармоя киритиш орқали иқтисодий ўсишни жадаллаштириш тажрибаси, шунингдек, Ўзбекистон рақобатбардошлигини ошириши мумкин бўлган ёшларнинг билими ҳамда замонавий касб-ҳунар ва техник кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар танқидий таҳлил қилинган.

Паст даромаддан юқори даромадли иқтисодиётга айланиш учун таълим тизимларини ривожлантиришга катта маблағ сарфлаш керак

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли таъкидлашича, Халқаро тажрибада паст даромаддан юқори даромадли иқтисодиётга айланиш учун таълим тизимларини ривожлантиришга катта маблағ сарфлаш муваффақият келтирган.

«Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, даромади паст иқтисодиётдан муваффақиятли равишда юқори даромадли мамлакатларга айланган давлатлар ўз таълим тизимларини ривожлантиришга катта маблағ сарфлаган. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ошиши 1-2 фоиз иқтисодий ўсиш суръатларига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан таълим соҳасидаги стратегик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни жадаллаштириш мамлакатнинг дунё саҳнасида рақобатбардош иқтисодиётга айланишига замин яратиши мумкин», — дейди Марко Мантованелли.

Форум иштирокчиларининг таъкидлашларича, инсон капиталининг етарлича юқори даражада эмаслиги Ўзбекистоннинг қўшимча хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодий ўсиш имкониятларини чеклайди. Масалан, маҳаллий бозордаги фирмалар ўзларига зарур бўлган касбий-техник кўникмаларни эгаллаш имкониятига эга бўлмайди, малакали ишчи кучининг етишмаслиги эса уларнинг ўсишига энг жиддий тўсиқлардан биридир. Иқтисодиётда янги корхоналар учун катта аҳамиятга эга бўлган, иш берувчилар томонидан ёш ишчиларга қўйиладиган талаблар таълим тизими берадиган кўникмалар ва билимларга мос келмаслиги туфайли янада оғирлашади.

Пандемиянинг таълимга таъсири ўнлаб йиллар давомида иқтисодиётга сезилиши мумкин

Форумда, шунингдек, мактаб ўқувчилари таълимида жиддий йўқотишларга олиб келган COVID-19 таъсири таҳлил қилинди. Натижада дунё бўйлаб ўқувчиларнинг аксарият қисмининг билимлари минимал билим даражасига тортмайди. Агар ҳукуматлар аҳолининг жабр кўрган қатламлари ўртасида таълим йўқотишларини қоплаш бўйича шошилинч ҳаракат қилмаса, пандемиянинг таълимга таъсири ўнлаб йиллар давомида иқтисодиётга ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Агар мактабда ўқишнинг ҳар бир йили даромад даражасини ўртача 8 фоизга оширади, деб ҳисобласак, COVID-19 сабабли ўқувчиларнинг таълимдаги йўқотишлари ва ўқиш давомийлиги қисқариши уларнинг кутилган даромадларини тахминан 3,5 фоизга камайтиради.

Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси оқибатида олинмаган билимлар сабабли алоҳида ўқувчиларнинг даромадлари йўқотилиши натижасида жами иқтисодий йўқотишлар йилига 425 миллион АҚШ долларигача бўлиши мумкин (2011 йилдаги харид қобилияти паритети бўйича). Кўпгина мамлакатлар сингари, Ўзбекистон ҳам таълим учун етарли миқдорда бюджет маблағларини захиралаши, талабаларнинг йўқотган билимларини қоплаши, уларнинг мактабни ташлаб кетишларига йўл қўймаслик учун чоралар кўриши ва келажакда бошқа инқироз шароитида ишлай оладиган таълим тизимини яратишга инвестиция қилиши керак.

Шунингдек, Форумда Шерзод Шерматов 2030 йилгача мамлакат PISA рейтингида етакчи 30 мамлакат қаторига кириши режа қилинаётгани ҳақида гапирган.

«Ўзбекистон ҳукумати таълим соҳасини ва ёшларнинг замонавий касбий-техник маҳоратини ривожлантиришга инвестиция қилишнинг катта аҳамиятини тушунади. 2016 йилдан бошлаб ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари ўқувчиларга меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган билим ва кўникмаларни берадиган таълим соҳасини модернизация қилишга йўналтирилган. Ушбу ёндашув инновацион ва жадал ривожланаётган бозор иқтисодиётига хосдир. Ўзбекистон таълим соҳасида ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Хусусан, халқ таълими тизимини ривожлантириш концепциясида 2030 йилгача мамлакат PISA (the Program for International Student Assessment) рейтингида дунёнинг етакчи 30 мамлакати қаторига кириши кўзда тутилган», — деган Ўзбекистон халқ таълим вазири Шерзод Шерматов.

Форумда таълим ва меҳнатнинг турли даражалари ўртасида мувофиқлаштирилган ўқув дастурларига давлат маблағларини шошилинч равишда жалб қилиш инсон капитали даражасини ва аҳолининг касбий маҳоратини ошириши экспертлар томонидан таъкидланган.

Экспертларларга кўра, ушбу чора-тадбирлар иқтисодий ўсишга, жаҳон иқтисодиётининг янада интеграциялашувига, шунингдек, меҳнат бозори талабларига яхши тайёрланган фуқароларнинг даромадлари ўсиши туфайли турмуш даражасини яхшилашга асос яратади.

Мавзуга оид