Иқтисодчи, АҚШнинг Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов давлат ташкилотларидаги «бюджетдан ташқари маблағлар» хусусида фикр билдирди.
«Бюджетнинг қайсидир қисмига «бюджет» деб ном қўйсак, қолганига ундай ном бермасак, «бюджет» деб номланмаган қисми бюджетмас бўлиб қолмайди. Бу божхона божларини «солиқ» деб номламаганимиз учун, улар солиқ бўлиб қолмайди, деган гапдек, гўё. Шунинг учун ҳам, қонунан, судлар буни ҳал қилиши керак, масалан, халқ пулини «бюджетмас» қисми бўлишининг қонунийлиги ҳақида менга фикр эшитиш қизиқ.
Иккинчи тарафдан, давлат ҳокимият идораларининг ўзлари маблағ топишлари ҳам ғалати. Агар борди-ю, улар бехосдан ёки қандайдир сабабларга кўра, пул топиб қўйишса, барча йиғилган пулларини бюджетга ўтказишларини таъминловчи қонун бўлиши керак. Масалан, дейлик, жарима орқали йиғилган пуллар, ўша жарималарни йиғган идорага эмас, тўғри бюджетга, яъни Молия вазирлигига ўтиши керак. Бу шунчалик муҳим нарсаки, давлатдан мустақил фаолият олиб борадиган Марказий банк ҳам, агар, қандайдир операциялар натижасида фойда кўрса, шу фойданинг юз фоизини бюджетга ўтказиши керак (энг мустақил МБлар ҳам шундай қилишади).
Борди-ю, ўз харажатларини ўша идора молиялаштирмоқчи бўлса, марҳамат, бюджетга киритиб, қонуний тарзда пулни олишсин, «бюджетдан ташқари» ишлатилаётган пуллар қомусимизнинг асосий принципларига зид. Шунда, менимча, давлат органлари иложи борича пул топиш деган мақсаддан воз кечади ва бюджетдан ташқари фондга қандай қилиб пул топиш билан эмас, ўзларининг қонуний масъулият ва ваколатларига амал қилиш билан банд бўладилар.
Учинчи масала, давлат корхоналари ҳам, идеалда, квазифискал (бюджет-солиқ сиёсатининг ўрнини босувчи) ишлар қилмаслиги керак. Масалан, давлат корхонаси қандайдир парк қуриши, кутубхона, меҳмонхона қуриши ёки спорт клубига пул бериши, ҳатто ногирон болалар учун оромгоҳ қуриши ҳам, албатта, катта хато. Бизда бюджет қонунлари бор. Бюджетни халқ вакиллари кўриб чиқади ва президент тасдиқлайди. Халқ пулини тақсимлаш шаффоф ва одил бўлиши учун бизда қонуний механизмлар мавжуд. Лекин давлат корхонаси қайсидир кўчада труба алиштириши, бу мавжуд бўлган қонуний принциплардан четланиб, давлат ва ҳукуматнинг, энг муҳими, бюджетни тақсимлаш учун ягона давлат идораси – Қонунчилик палатасининг ваколатларини корхона раҳбариятига беришга тенглашиб қолади. Давлат корхонаси топган фойда – унинг акционери, яъни халқники, демак халқнинг пулидек тақсимланиши ҳам керак. Корхона раҳбарияти бу ишни қилиши, бутун бошли давлат аппаратининг ўрнини босишдек гап. Бу яхши эмас. Худди Давлат солиқ қўмитаси, йиғган солиқларни ўзлари хоҳлаган жойга тақсимламасликлари каби, давлат корхоналари ҳам, топган фойдаларини «фискал мақсадларда», яъни нотижорий мақсадларда сарф этиши, албатта, тугатилиши керак», дея таъкидлади иқтисодчи.
















