Жамият | 19:45 / 14.06.2021
29014
5 дақиқада ўқилади

Янгийўлда ўнлаб янги заводлар ишламай ётибди. Мансабдорлар нега бунча бефарқ?

Ўнлаб тадбиркорлар Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида бир неча миллион долларлик йирик заводлар барпо этган. Бироқ давлат амалдорлари ўз мажбуриятларини бажармаётгани ортидан заводлар ишламай ётибди. Тадбиркорлар эса зарар кўрмоқда.

Бундан бир ой илгари инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов Янгийўл туманидаги Шўралисой саноат зонасида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналари етарли кучланишдаги электр энергияси билан таъминлаб берилмаётганига изоҳ бериб, мазкур муаммони ҳал қилиш ишлари бир ой ичида бошланишини айтган.

Мана орадан ўша 1 ой вақт ҳам аллақачон ўтиб бўлди. Мана шунинг ўзи ҳам амалдор Воитовнинг сўзлари ёлғон эканини кўрсатиб турибди.

Ҳикоямизни Янгийўл туманининг Хўжаобод маҳалласидан давом эттирсак. Бу ерда жойлашган кичик саноат зонасида тадбиркорлар жиддий муаммога дуч келишган. Ҳудудда ҳар бирининг баҳоси бир неча миллион доллар турадиган ўнлаб заводлар қуриб битказилган, ускуналар ўрнатилган. Аммо ишлаб чиқаришни бошлаш учун энг зарур ресурс – электр энергияси улаб берилмаяпти.

Бир йилдан ошиқ вақт ўтибдики, давлат ташкилотлари турли баҳоналар билан ишни ортга суришда давом этмоқда.

Масалан, қурилиш бўёқлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Кавсар-мадад» хусусий корхонаси, инвестиция дастурига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди. Бироқ, етарли кучланишли электр энергияси етказиб берилмаётгани сабабли ишлаб чиқаришни бошлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Корхона иш бошқарувчиси Фирдавс Абдуалимовнинг айтишича, тадбиркорлар бекорга вақт ўтказишмоқда, бой берилаётган ҳар бир кун улар учун бир неча миллион сўм зарар келтиряпти.

Фирдавс Абдуалимов

«Хитойдан 1 миллион долларга ишлаб чиқариш ускуналари олиб келинган. Бўёқ заводимиз ишлашга тайёр ҳолатда турибди. Муаммо – электр энергияси йўқ. Шу сабабли заводимизни ишлата олмаяпмиз.

Энергетика вазирлигига бир неча марта мурожаат билан чиқдик. Улар ҳар сафар дастурга киритилган, деб айтишади. Лекин ҳозирги кунгача ҳеч қандай натижа бўлмади.

Завод ишлаши учун юқори қувватдаги электр энергияси керак. Иккинчи ишлаб чиқариш технологиямиз – метал профиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводимиз ҳам 20 кунда тайёр бўлади. Аммо ток бўлмаса, у ҳам ишламайди», дейди у.

Маълум қилинишича, бу корхонада қурилиш бўёқлари ва метал профил заводлари ишга тушса, аввалига 60-65 киши, кейинги чоракда 100 киши ишли бўлади. Ойига 90 тонна қурилиш бўёқлари, 150 тонадан зиёд метал профиллар ишлаб чиқарилади.

Ҳозирда заводлар учун иккита 1000 киловаттлик трансфарматор ўрнатиб қўйилган. Бўёқ заводига 700 киловатт, метал завод учун 900 киловатт қувватдаги кучланишга эга электр энергияси тармоғи зарур бўлар экан.

Ўрганишимиз жараёнида кичик саноат зонасида 10 та тадбиркорлик субъектлари ўз корхоналарини қургани, уларнинг деярли барчасида электр энергияси муаммо экани маълум бўлди.

Хусусан, ўсимлик ёғи ва қурилиш учун мел ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводлар ҳам аллақачон қуриб битказилгани ва ишлаб чиқаришга шайлигига қарамай, юзлаб фуқароларни доимий иш билан таъминлаши мумкин бўлган техникалар чанг босиб ётибди.

Барча тадбиркорлар саноат зонасидаги объектларни онлайн аукционда белгиланган тартибда ютиб олишган. Ўзига яраша инвестиция мажбуриятларига ҳам эга. Тадбиркорлар ва саноат зонаси дирекцияси ўртасида имзоланган шартномада эса етарли кучланишдаги электр энергиясини ҳудуд чегарасигача олиб келиниши давлат органларининг зиммасига юкланган.

Тадбиркор Искандар Ўрмоновнинг айтишича, шу пайтгача барча масъул идораларга мурожаат қилинган. Аммо ҳамон натижадан дарак йўқ.

«Биз электр токи масаласида ёрдам беришларини сўраб, Янгийўл тумани ва вилоят электр тармоқлари корхоналарига, ҳокимликларга, вазирликлар ва бош вазирга ҳам мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмаяпти. Заводларимиз ишлаб чиқаришга тайёр-у, лекин юқори қувватли электр энергияси 1 йилдан бери йўқ. Бундай қилишларини билганимизда, бу ерга завод қурмас эдик», – деди у.

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг мазкур кичик саноат зоналаридаги электр муаммоси қачон ҳал қилиниши бўйича берган саволига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов бу бўйича қарор чиққани, ҳудуд давлат дастурига киритилгани ва ишлар 1 ой ичида бошланишини айтган эди.

Тасаввур қилиб кўрайлик, бекор ётган бу 10 та заводнинг ҳар бири ўртача 50 та одамни иш билан таъминлаганида 500 кишининг доимий бандлиги таъминланган, ишлаб чиқаришдан олинадиган даромаддан давлат хазинасига миллиардлаб солиқ тушумлари тушган бўларди. Гувоҳи бўлганимиздек, бу ерда фақат тадбиркор ютқазаётгани йўқ – давлат мансабдорларининг бефарқлиги сабаб пировардида давлат зарар кўрмоқда.

Бундай шароитда инвестицион жозибадорлик ҳақида сўз очишнинг ўзи кулгили.

Исломбек Умаралиев,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид