Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ССВнинг Даниядан келган ўринбосари – Ўзбекистондаги бюрократия, кам маош ва бош врачларни ҳокимлар тайинлаши ҳақида
Ўтган йилнинг июль ойида Соғлиқни сақлаш вазирига бирданига 4 нафар ўринбосар тайинланган ва улардан бири кўп йиллар Дания қироллигининг нуфузли корхоналарида масъул лавозимларда ишлаб келган Абдулла Азизов эди.
Хўш, Соғлиқни сақлаш тизимига рақамлаштиришни олиб кириши айтилган Азизов ўтган 11 ой давомида қандай натижаларга эришди? Тиббиётимизда нимани ўзгартира олди?
Бугунги ўзбек жамиятида четда ўқиб, ишлаб келган кадрларга кўпроқ ишонилмоқда. У бу ишончни оқлай оляптими?
Ўзининг айтишича, Данияда ойига 30 минг долларлаб пул топган кишини Ўзбекистонда бугун нима ушлаб турибди?
Шавкат Мирзиёев Абдулла Азизовга «интервью бераётганингни кўрдим, кўзингда нур қолмабди», деганда нимани назарда тутганди?
Kun.uz шу каби саволлар юзасидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов билан интервью уюштирди.
— Сизни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Абдусалом Азизовнинг ўғли, деган гаплар юради. Бу бўйича интернетда ҳам қатор маълумотларни учратиш мумкин. Бу ростми?
— Йўқ, бундай эмас. Ўхшашликлар эса, шунчаки тасодиф. Отамнинг исм фамилияси ҳам Абдусалом Азизов. Лекин у киши хавфсизлик хизматида ишламайди.
Хавфсизлик хизмати раисининг оиласи билан ҳам шахсан танишман – ажойиб оила. Лекин бизнинг бу жиҳатдан боғлиқлик томонимиз йўқ.
— 2019 йилга қадар Даниядаги қатор етакчи компанияларда фаолият юритгансиз. Бошқача муҳит, бошқа жараёнларни бошдан кечиргансиз. Ўзбекистонга қайтиб келиб иш бошлаш сизга қандай таъсир қилди? Қайтганда илк бор нималарни ҳис қилдингиз?
— Ўзбекистонда иш фаолиятим солиқ тизимидан бошланган ва келган кунларимда бироз ўзгаришлар сезилган. Мен Данияда хусусий секторда ишлаганман. Хусусий секторда иш бошқачароқ юритилади, қарор қабул қилинади ва имкони борича тезкор амалга оширилади.
Ўзбекистонда дуч келган илк муаммом бюрократия бўлди. Ўша пайтда иш жараёнидаги кўплаб қоғозларни, “фишка” нималигини тушунмасдан, қийналиб кетардим. Бу жараёнда мени ҳар битта ишни нима сабабдан, албатта, қоғозга қараб қилиниши, ҳар бир қилинган ишга ҳисобот талаб қилиниши шок ҳолатига солган.

— Вақт ўтиб, бунга кўникдим деманг...
— Йўқ, бунга ўрганолмадим, ўрганмайман. Ходимлардан ҳам доим бюрократияга берилмасликни талаб қиламан. Топшириқ берсам, номимдан чиқарилган “фишка” сўрашади. Ҳеч қандай “фишка”сиз, шахсан ўзларига ёки e-mail орқали топшириқ бераман.
— Сизнингча, биздаги бюрократиянинг энг катта сабаби одамлардаги ўзаро ишончсизликми?
— Ишончсизлик деб ҳам бўлмайди. Билишимча, ходимларга топшириқ расмий берилмаса, унга нисбатан юзакироқ қаралади, реакция кам кузатилади. Чунки топшириқ ниҳоятда кўп ва расман қайд этилмаган бўлса, унга жиддий қаралмайди.
Бюрократия ҳамма жойда, ҳаттоки, Данияда ҳам учрайди. Бундан воз кечишнинг бир усули – ташкилотларда электрон топшириқ тизимини жорий қилиш ва ўшани ҳужжат каби қабул қилиш. Шарт эмас, албатта, гербли печатлар билан расмий шаклда ёзилган, девонхонада рўйхатдан ўтган хат чиқариш. Бу жудаям кўп бошоғриқ чиқарадиган ҳолатдан ҳалигача одамлар воз кечолмаяпти. Дунёқарашимизни бироз ўзгартирсак, ишларимиз янада осонлашади.
— Шифокорлар орасида изланувчан, янгиликлардан бохабар ходимлар кўп. Шундай шифокорлардан бири Ўзбекистон тиббиёт тизимида касалликларни даволаш стандартлари ҳамон дунё стандартларидан анча орқада қолганини айтди. Бу борада қандай фикр билдирасиз?
— Даволаш стандартлари – протоколлар яратилади. Бу протоколлар ўзгариб, янгиланиб туриши керак. Бунинг учун ўша соҳа мутахассислари бу янги протоколлар билан танишиб, янги пайдо бўлган даволаш усулларини амалиётга жорий этиши керак. Бизда эса баъзида протоколларнинг ўзини ҳам топиш қийин. Бу борада ҳам бизда электрон база яратилиши лозим – касалликни киритганда даволаш протоколини ўзи тақдим этадиган. Бундай мутахассисларни рағбатлантириб туриш керак, керак бўлса, шифокорларнинг хорижда малака оширишини йўлга қўйиш, керак бўлса, ўша ерда бир муддат ишлашсин. Давлат бунга пул ажратсин, чунки ўша мутахассис олиб келадиган тажриба жуда катта натижа келтиради.
— Кўп бўлмади, вилоят, туман соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари ўша ҳудуд ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланиши йўлга қўйилди. Нима деб ўйлайсиз, бу қанчалик тўғри амалиёт, яъни ҳоким бош врачнинг билимига баҳо бера оладими?
— Бу ерда яна бир савол ўртага чиқади: вилоятлардаги бошқарма бошлиқлари, албатта, шифокор бўлишлари шартми? Менимча, шарт эмас. Ривожланган давлатлар тажрибасида кўрганман, ҳатто Жанубий Кореяда ҳам Соғлиқни сақлаш вазири мутахассислиги бўйича шифокор эмас. Бу тизимда раҳбар энг аввало яхши лидер бўлиши керак, унинг вазифаси тўғри стратегия танлаш ва жамоани жипслаштириш. Улар маблағ йўналтириш масаласида ҳам ишнинг кўзини билишлари керак, баъзида нотўғри йўналтирилган маблағлар йўналишини ўзгартириш ҳам соҳага катта фойда келтиради. Айниқса, Ўзбекистон учун бу жуда муҳим, чунки ҳозир бюджетимиз чексиз даражадаги маблағга эга эмас. Бу раҳбарлар ташаббускор бўлиши, ўзи тўғри деб билган йўлида курашиши, фақат “айтгандим, ёзгандим” деган гаплар билан чекланмаслиги керак. Жуда кўп учрайди раҳбар ходимлар орасида бу гап: “Ман хат чиқардим, айтиб қўйганман” каби. Бўлди, шу билан тугайди – кейинги натижа йўқ. Одам олдига қўйган мақсад учун курашсагина натижа бўлади.

— Тиббиёт ходимларининг маошини ошириш – тиббиётда сифат даражасини оширишдаги муҳим омил ҳисобланади. Тиббиётнинг келажаги тиббий суғурта ҳисобланади. Бу ҳақида кўп гапириляпти, жумладан, сиз ҳам кўп гапирасиз. Умуман олганда, биз ҳозир бу борада қайси босқичдамиз, қачон тиббий суғуртага ўтамиз?
— Давлат тиббий суғуртасини жорий этишда кўп ишлар қилиняпти, масалан, шу йил 1 июлдан Сирдарё вилоятида бу тажриба йўлга қўйилади. Бунда биз энг аввало, давлат тиббий суғуртаси ва мажбурий суғурта орасидаги фарқни билишимиз керак: давлат тиббий суғуртаси ҳеч қандай тўловларсиз, тиббий хизматдан аввал қандай муолажалар қилинган бўлса, шундай давом этилади. Мажбурий суғуртада эса, ҳар ойда тўлов қилинади ва бу орқали барча тиббий хизматлар кафолатланади. Тиббий суғурта жорий қилиниши билан асосан, молиялаштириш усули ўзгаради. Ўзбекистонда ҳозир давлат тиббий суғуртаси жорий қилиняпти. Ҳозирда поликлиникага келган беморлар ва даволаш ўринлари (койкалар) сонига қараб Молия вазирлиги томонидан пул ажратилади. Лекин тиббий суғурта йўлга қўйилгач, поликлиникаларда қанча кўп одам келса, шунга қараб пул ажратилади. Шифохоналарда эса қанча одам даволанса, шунга қаралади. Бу ўша муассасада тиббий хизматнинг яхшиланишига олиб келади, чунки беморлар яхши шифокорлар бўлган, даво топа оладиган жойга боришни исташади. Қанча кўп бемор борса, шунча кўп маблағ ажратилади, дегани бу. Муассаса яхши хизмат кўрсатмаса, ўз-ўзидан беморлар мурожаати камаяди ва пул ҳам келмайди. Бу давлат ва нодавлат муассасаларида йўлга қўйилади. Яхши томони шундаки, улар ўртасидаги соғлом рақобат сифатни оширади.
— Бир муддат аввал беморга 4тадан кўп дори ёзиш учун масъул шифокор билан маслаҳат қилиниши айтилганди, бу ҳақда тегишли қарор ҳам чиқди. Лекин амалда буни кўрмаяпмиз. Нега бу тизим амалда ишламаяпти?
— Кўпчилик нега ҳалигача электрон рецепт тизими жорий этилмаётгани ҳақида сўрайди. Бу тизимни жорий қилиш учун республикадаги барча поликлиникалар компьютер ва интернет билан таъминланган бўлиши керак, чунки барча маълумотлар унга жойланади. Шифокорлар ҳам бу тизимни бошқариш ҳақида билимга эга бўлишлари ва барча дорихоналар ўша тизимга боғланган бўлиши керак. Бизда барча шифохоналарда ва дорихоналарда бундай имконият йўқ, бунга бирданига ўтиш уларда юклама пайдо қилади. Энг аввало, платформа яратилиб, база шакллантирилгач ишга туширилса, бирмунча осон бўлади.
Тизимга келганимга 11 ой бўлди, шу вақт оралиғида бир нечта жараёнлар электрон шаклга ўтказилди. Кўп маълумотларни онлайн олиш имконияти яратилди. Шу давргача 15тача лойиҳа устида ишлаган бўлсам, уларнинг барчаси тугатилган. Мен учун энг муҳими – 2025 йилга қадар жорий қилинадиган рақамлаштириш жараёни бўлди. Ишлаган лойиҳаларимизни шу рақамлаштириш платформасига чамбарчас қилишни мақсад қилдик.
Биз ҳозир стандартларни яратяпмиз, чунки шу пайтгача стандартлар бўлмаган. Тиббиётда рақамлаштиришда қўлланиладиган барча стандартларни бошқа давлатлар тажрибасида ўрганиб чиқяпмиз: қайси давлатга фойда бўлган-у, қайси давлат зарар кўрган.
Шунингдек, электрон рецепт лойиҳасини 2023 йилда амалга ошириш мўлжалланган. Лекин ундан аввал платформани яратиб олиш керак. Платформа нима ўзи? Тизимдаги мавжуд маълумотларнинг ҳаммасини битта жойга – базага келиб тушиши. Бемор давлат касалхонасига борганда ҳам, хусусий клиникага борганда ҳам унинг соғлиғи билан боғлиқ барча маълумотлар базада кўриниши керак. Бу уларнинг қайта-қайта таҳлил топшириш, текширувлардан ўтишларининг олдини олади. Электрон шифохона тизими ишга туширилгандан кейин электрон рецепт тизими йўлга қўйилади.

— Бизда одат бўлиб қолган: ҳар йили Соғлиқни сақлаш вазири ёки унинг ўринбосарларидан бири чиқиб, “Тез тиббий ёрдам” тизимида “Damas”лардан воз кечилишини айтади. Лекин ҳалиям бу тизимда “Damas”ларни кўп кўрамиз. Қачон воз кечилади бундан? Ўрнига қандай автомобиллар харид қилинади?
— 2021 йилнинг ноябрь ойига қадар имтиёзли кредит асосида “Тез тиббий ёрдам” учун 1000та Volkswagen автомобиллари олинади. Бундан ташқари Тошкент шаҳри учун 203та янги автомобиллар олинди. Пойтахтда ҳозирги кунда “Damas” беморларга хизмат кўрсатиш учун ишлатилмаяпти. Бошқа мақсадларда фойдаланиляпти. Республика бўйича 1500дан ортиқ “Damas”ларимиз бор, уларнинг барчасидан бир вақтда воз кечиш катта маблағ талаб қилади. Босқичма-босқич ҳаммасини алмаштириб борамиз.
— Сизнингча, шифохоналарда ишлаётган ҳамшира ва олий маълумотли шифокор қанча маош олиши керак?
— Албатта, шифокорларга қанча кўп маош берсак, шунча кам. Лекин имкониятлар ҳам ҳисобга олинади, чунки ҳаммаси бюджетга бориб тақалади. Масалан, шифокорларнинг маоши тахминан 2-3 йил ичида 1000 долларга чиқарилса яхши бўларди.
— Хўш, улар ҳозир қанча оляпти?
— Ҳамшираларнинг маошлари ҳозирда 800 минг-1млн атрофида, уларнинг маошини ҳам 400-500 доллар этиб белгиланса яхши бўларди. Лекин бундай маошга етиш учун улар ҳам ўз устида тинимсиз изланиши керак, кўпчилик ҳолатда ҳамширалар фаолияти жуда чекланиб қолган.
Чет эл тиббиётида ҳамширалар фаолиятига катта урғу берилади. Шифохонани юритувчи шахслар сифатида қаралади. Ундай ҳамширалар билан биздаги ҳамшираларнинг бир-биридан катта фарқи бор. Бизда улар фақат қоғоз тўлдириш ёки шунга ўхшаш ишларга жалб қилинади. Ҳамшираларнинг даражасини кўтариш учун шифокорлардаги айрим юкламаларни уларга ўтказишни режалаштиряпмиз – шунда хизматларнинг ҳам сифати ошиши мумкин. Бизда ҳамширалар армияси мавжуд. Баъзи ҳудудларда битта штатда 4тадан ҳамшира ишлайди. Лекин шифокорларимиз борасида бунинг тескариси – мутахассисларимиз етишмайди. Шунинг учун ҳамшираларни қайта тайёрлаш орқали билими, кўникмаларини оширсак, жуда кўп вазифаларни уларга юклатишимиз мумкин ва бу билан тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳам оширилади. Бу тажриба Сирдарё вилоятида синовдан ўтказиляпти, бир қанча вазифалар оилавий шифокордан олиб ҳамшираларга бериляпти.
— Тошкент вилоятилик шифокор Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўлланган ҳукм ҳақида қандай фикр билдирасиз? Умуман, нега вазирлик бирор марта бу борада ўз муносабатини билдирмади?

— Бу воқеадан батафсил хабардор эмасман, очиғи. Шунинг учун бу масалада бирор фикр билдиришим қийин. Ўзимгаям Тошкент вилоятидан айрим мурожаатлар келиб тушади тўғридан тўғри. Ҳар бир мурожаатни ичига кириб ўрганиш, кимнингдир фикри билан бир томонлама қарор чиқариш нотўғри, деб биламан. Шунақа мурожаатлардан бирини ўрганиш учун ўша ердаги мутасаддилардан, бошқарма бошлиқларидан суриштирсам, бизда 5-6та шунақа ходимлар бор, уларни ҳеч қачон ишдан ҳайдаб бўлмайди. Ҳайдасанг, ҳаммаёққа ёзади, ҳаммани ёмонлайди, халқни йиғиб, йўлга чиқади, дейишди. Буни тан олиш керак. Ўзининг иши билан бошқаларга ўрнак бўлмай туриб, бировларни айблаш энг нотўғри нарса. Афсуски, шундай ҳолатларга ҳам дуч келяпмиз. Бундай ҳолатда аввало, вазиятни яхши ўрганиш керак. Шундай ходимларга ҳам дуч келамизки, бошлиқлар билан тортишиб қолишгач, пайт пойлашади у ҳақида ёмон фикр уйғотишга. Баъзи бутун жамоани орқага тортадиган ходимлар бор, лекин уларни ҳеч ким ишдан бўшатолмайди. Европада бунақа эмас. Ўз вазифасини тўлиғича адо этмаган ходим билан хайрлашишади.
— Менга бир ҳамшира ёздики, ҳозир шифохонада кунига 8 соат ишласам, шундан 5 соатим ҳужжат тўлдириш билан ўтади. Бор-йўғи 2-3 соатни бемор билан ёки ўз устимда ишлашга ажратишим мумкин, деб. Унинг қўшимча қилишича, ҳозир Ўзбекистондаги деярли барча ҳамширалар шундай аҳволда ишлайди. Уларни ҳужжатбозликдан қутқариш учун жойларда нима қилиняпти? Вазир ёки вазир ўринбосарлари билишадими жойлардаги ҳақиқий аҳвол ҳақида?
— Вазир, вазир ўринбосарлари ҳақиқий аҳволни билишади. Керак бўлса, пастга тушиб, ҳудудларга бориб, поликлиникаларга бориб уларнинг муаммоларини ўрганиш мажбуриятимиз бор. Баъзи ҳолларда раҳбарнинг олдида камчиликларни яширишади. Бюрократияга ўрганиб қолишган. Дарҳақиқат, бизда тўлдириладиган формалар тури жуда кўп эди. 300дан ортиқ эди уларнинг сони. Шундан ярми камайтирилди 1 январдан. Ҳозир нечта форма тўлдириши поликлиника ёки шифохонада ишлашига қараб белгиланади. Бу мавзуни давлат раҳбарига ҳам тақдим қилган эдим. Бутун тизимни қайтадан кўриб чиқиш керак, чунки жуда кўп собиқ иттифоқ давридан қолган амалиётлар ҳамон қўлланилади. Бунинг учун ривожланган давлатлардан экспертларни жалб қилиш орқали жараёнларни қайта кўриб чиқиб, оптимизация қилиш керак. Бу жараёнда катта иш олиб бориш лозим. Масалан солиқ тизимида реинженеринг қилганман: яъни 50 тадан ортиқ ҳужжатларни қисқартириш керак бўлган. Баъзида 2-3та ҳужжат лозим бўладиган ҳолларда шунча кўп қоғоз тўлдириш кимга керак, деган савол билан қаралса, тўғри бўлади. Хориждан деганимга сабаб, ўзимизнинг ходимлар бу хусусда иш олиб боришса, яна шу аҳвол бўлади. Чунки улар ўрганишган шунга.
Ҳужжат тўлдириш Европада ёки бошқа давлатларда ҳам кўп, барибир баъзи маълумотлар қоғозда киритилиши керак. Масалан, акам Данияда шифокор бўлиб ишлайди. Баъзан бемор ҳақидаги маълумотларни диктофонга ёзиб олиб, кечаси уйда ўтириб маълумотларни тўлдириб қўйишига гувоҳ бўлганман. Биздаям шундай қилсак, осонроқ бўлар балки.
Бундан ташқари тез ёрдамда янги бир мобил илова ишлаб чиққанмиз. Гапирганда овозни матн кўринишида ёзадиган илова бўлиб, бунда ўзбекчаниям матнлаштириш мумкин. Ҳозир баъзи шифокорларимиз шундан фойдаланяпти.

—Бизнинг шифохоналарда, поликлиникаларда беморнинг соғлиғига, аҳволига эмас – пропискасига қараб хизмат кўрсатилади. Сиз бўлган давлатларда бу қандай йўлга қўйилган?
— Поликлиника шундай жойки, бемор ҳудудига қараб ўзининг поликлиникасига боғланади. Лекин бу тизимни қайта-қайта ўрганиб, ўзгартиришимиз керак. Масалан, Дания, Япония каби жуда кўпчилик мамлакатларда прописка деган тушунча йўқ. У ерда фақат регистрация қилинади. Бир жойдан иккинчи жойга кўчган одам почта орқали хабар бериб қўяди, шундан кейин унинг турар жойи ўзгаргани учун боғланадиган поликлиникаси ҳам ўзгаради ва ўша шахсдан поликлиникадаги қайси шифокорга боғланиши ҳақида маълумот берилади.
Биз ҳам одамларнинг қаерда яшаётганини билишимиз керак, мисол учун Хоразмдан Тошкентга келиб ишласа ёки яшаса автоматик регистрация қилишни жорий этишимиз керак. Шу билан бу шахс ўша манзилдаги поликлиникага боғланади. Шуни амалиётга татбиқ этишни ўйлаб турибмиз. Ўзи соғлиқни сақлаш тизимида прописка деган тушунча умуман керак эмас. Биз учун у шахс фақат бемор, пропискаси борми-йўқми – аҳамиятсиз. Лекин ҳисоб-китоб қилиш учун, шифокордаги юкламани режалаштириш учун беморларни рўйхатга олиш керак бўлади.
— Билимсиз шифокорлар... Уларнинг нотўғри ташхислари оқибатида минглаб беморлар вафот этади. Улардан воз кечиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриладими?
— Менинг энг оғриқли нуқтам бўлган савол бу. Соғлиқни сақлаш соҳасига кириб келишимга ҳам шу сабаб бўлган аслида. Раҳматли бобомни жудаям яхши кўрардим. 38 ҳарорат билан шифохонага тушиб, шифокорларнинг эътиборсизлиги, билимсизлиги сабаб бир кунда оламдан ўтганлар. Шундан кейин бувижоним ўлим тўшагида ётганларида энг охирги айтган гаплари “Мени касалхонага олиб борманглар. Улар мени ўлдириб юборишади” деган жумла бўлди. Шифо берадиган масканга нисбатан бундай гап айтилиши, шифокорга ишончсизлик жуда оғир ва ачинарли. Бу соҳага ўтишда кескин ўзгаришлар бўлишини истаганим учун ҳам ушбу соҳага ўтганман. Ҳудудлардаги шифокорларнинг билимини, тажрибасини ошириш учун ҳаракат қилмасак, билиб-билмай қўйиладиган ташхислар оқибатида одамлар ўлиб кетаверади. Бунинг учун бирламчи тизимни ўзгартириш керак. Шу мақсадда мен бу тизимдаги мутахассислар учун ўқитиш платформаси ишлаб чиқяпман. Ҳамма йўналишдаги мутахассис-шифокорлар шу онлайн платформада ўқиб чиқади. Ҳамма томонлари ҳисобга олиндики, онлайн ўқиганда ўрнига бошқа бировни ўтирғизиб қўймасдан, юзини камерада таниб олиш имконияти яратилади. Бу курсларни тугатиши ходимларни рағбатлантириш учун ҳам хизмат қилади. Шу йил охиригача кадрлар тизимини киритиб, база яратилса, 2022 йил охири ёки 2023 йил бошида бу платформа тўлиқ ишга туширилади.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров ва Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
15:32 / 09.06.2026
Андижонда 4 нафар эгизак дунёга келди
10:43 / 19.03.2026
Мисрнинг юзга яқин дори воситаси Ўзбекистонда маҳаллийлаштирилади
18:47 / 24.01.2026
2 мингта дори нархи 40-60 фоизга туширилди — Фармагентлик
17:59 / 25.08.2025