Андижонда 4 нафар эгизак – уч нафар ўғил ва бир қизалоқ дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалида 4 нафар эгизак дунёга келди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Aндижон шаҳридаги «Ғайрат» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Одинахон Муҳаммаджонова 2 июн куни кўп ҳомилалик ташхиси билан мазкур муассасага қабул қилинади.
Орадан бир неча кун ўтиб, муддатидан илгари туғуруқ ташхиси билан кесарча кесиш амалиёти бажарилган.
Туғуруқ жараёни филиалнинг малакали акушер-гинеколог, неонатолог ва реаниматологлари томонидан муваффақиятли ўтказилган.
- Биринчи чақалоқ – ўғил, вазни 2415 гр, бўйи 44 см.
- Иккинчи чақалоқ – ўғил, вазни 1730 гр, бўйи 37 см.
- Учинчи чақалоқ – ўғил, вазни 2405 гр, бўйи 44 см.
- Тўртинчи чақалоқ – қиз, вазни 1885 гр, бўйи 39 см.
Айни пайтда она ва чақалоқлар аҳволи яхши, улар шифокорлар назоратида.











