22:24 / 23.06.2021
2470

Иштихонда журналистларнинг флешкасини йўқ қилган ҳокимлик ахборот хизмати раҳбарини ҳақорат қилганлар 15 суткага қамалди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ходими шу туманга борган журналистларнинг камерасига ташланиб, ундаги хотира картасини чайнаб, йўқ қилгани ҳақида хабар тарқалгани маълум қилинганди.

Воқеа Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда АОКА ҳудудий бошқармаси томонидан иккала томон иштирокида ўрганилгач, Иштихон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари И.Бобоевга ҳайфсан жазоси берилгани эълон қилинди.

Маълум бўлишича, воқеа жойида бўлган фуқаролардан икки нафари ҳокимлик ахборот хизмати раҳбарини ҳақорат қилгани учун 15 суткага қамалган. Шунингдек, ҳокимликка кўра, ўша кунги ҳолатда одамларни тўплаш ҳамда ҳокимият вакилларига нисбатан қаршилик кўрсатишда тарғибот ишларини амалга оширишда фаол бўлганлик важи билан қатор фуқаролар бўйича суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда иштихон туман ҳокимлиги телеграм каналида хабар берилган.

Мазкур хабарга кўра, Иштихон деҳқон бозорида 14 июнь куни "Менинг юртим" телеканали мухбирлари ва Иштихон туман ҳокимлиги ахборот хизмати бозордаги ҳолатни ўрганиш вақтида фуқаролар Н.О. ва М.У. И.Бобоевга нисбатан ноўрин ҳаракатлар содир этиб, ҳақорат қилишиб, ҳокимлик ходимининг хизмат фаолиятига тўғридан тўғри аралашган.

Юқоридаги фуқароларга нисбатан суд ҳукми билан МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган ва 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, ҳокимлик одамларни тўплаш ҳамда ҳокимият вакилларига нисбатан қаршилик кўрсатишда тарғибот ишларини амалга оширишда фаол бўлган фуқаролар бўйича суриштирув ишлари амалга оширилаётганини маълум қилмоқда.

Top