Жамият | 22:30 / 24.06.2021
75840
3 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков Ўзбекистонга коронавируснинг хавфли штамми кириб келгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқлангани ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб, дастлабки лаборатория текширув натижалари ушбу тахминни катта эҳтимол билан тасдиқлаётгани ҳақида гапирди.

Ўзбекистонда илк бор коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқлангани ҳақида хабарлар жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков бу борада ССВ матбуот хизматига изоҳ берди.

«Аслида, юртимиз аҳолиси Ўзбекистон ҳудудига коронавируснинг янги штамми кириб келадиган бўлса, бунга жиддий эътибор беришга одатланиб қолди. Эсласак, бундан аввал мамлакатимизда COVID-19’нинг «британча» штамми илк бор аниқланганда ҳам айнан мана шундай муносабатлар, шу каби шов-шувларнинг гувоҳи бўлганмиз. Аслида, бутун Ер юзидаги мураккаб пандемия шароитида бу нарсани тўғри ва нормал ҳолат сифатида қабул қилиш лозим», деган Нурмат Отабеков.

Унинг айтишича, дунё миқёсида коронавирусни илмий изланишлар мақсадида доимий кузатиб бораётган илғор лабораториялар мутахассислари берган маълумотларга кўра, бугунги кунда COVID-19 касаллигининг 5000та, айрим соҳа вакилларининг фикрича эса 7000дан кўпроқ мутацияга учраган штаммлари пайдо бўлган. Мутацияга учраган штаммлар фақат касалликнинг тарқалиш тезлиги, уни юқтириб олган одамларда енгил ёки оғир ўтиши, ёш тоифасида фарқ бўлиши мумкин.

«Айтиш мумкинки, аслида, коронавируснинг мутацияга учраган ва учрамаган ҳамма штаммларининг энг асосий микроорганизми COVID-19 штамми бўлганлиги ва ушбу штамм билан чақирилган касалликнинг клиник белгилари, лаборатория ташхиси, профилактикаси, олдини олиш чоралари, вакциналардан фойдаланиб, ҳимояланиш даражаси бир хил бўлгани учун уларнинг чуқур этимологик омилини аниқлаш ва қандай вирус эканлигини охиригача текшириб боришга эҳтиёж йўқ.

Илғор технологиялар марказида коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқлангани тўғрисидаги хабарга келсак, дастлабки лаборатория текширув натижалари ушбу тахминни катта эҳтимол билан тасдиқламоқда. Аммо тўғри хулосага келиш учун якуний таҳлилларни тўлиқ ўрганиб чиқиш керак бўлади», деган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг «британча» штамми Ўзбекистонга кириб келгани ҳақида 2021 йил 30 январь куни маълум бўлганди. У 23 январь куни Дубайдан қайтиб келган 10 ёшли қизчада аниқланган. 17 апрель куни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистонга коронавируснинг «африкача» штамми кириб келгани айтилганди.

Мавзуга оид