Ўзбекистон | 16:10 / 24.06.2021
22489
13 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва АҚШ: Олий суд ҳокимиятидаги фарқлар

АҚШдаги суд ҳокимиятининг қудрати ва адолатига кўплар ҳавас қилади. Бу ҳокимиятнинг энг юқори минбари – АҚШ Олий суди. Тадқиқотчи Отабек Тошев Kun.uz'га тақдим этган мақоласида АҚШ ва Ўзбекистон Олий судлари ўртасидаги тафовутлар ҳақида сўз юритиб, муайян таклифларни ўртага ташлайди.

АҚШда Олий суд судьясини тайинлаш кўп мунозараларга сабаб бўлиши мумкин. Зеро, бу мамлакатда Олий суд судьяси – шунчаки қуйи инстанция судларининг қарорларини кўриб чиқувчи эмас, балки ўз қарорлари билан мансабдор шахсларга, жумладан, АҚШ президенти манфаатларига дахл қилувчи ва ҳуқуқий муносабатларни сезиларли даражада ўзгартирувчи лавозим ҳисобланади.

Шу боисдан Олий суд судьяларини тайинлаш тартиби, улар фаолиятининг кафолатлари каби масалалар тўғрисида Ўзбекистон ва АҚШ қонунчилигининг қиёсий таҳлилига тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Олий суд судьяларининг таркиби ва тайинланиши

АҚШ Олий суди
Фото: Getty Images

АҚШ Олий суди таркиби бир қатор мураккаб босқичлардан сўнг шаклланади. Эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, Олий суд судьялари сонининг аниқ миқдори АҚШ Конституциясида белгиланмаган. Бу миқдорни Конгресс белгилайди. Дастлабки йилларда 5 нафар судьядан иборат бўлган Олий суд президент Эндрю Жонсон даврига келиб ўзининг ҳозирги 9 кишилик кўринишига келди: 1 нафар бош судья ва 8 нафар ўринбосар.

Бундан ташқари, АҚШ Конституциясида ва бошқа бирон бир ҳужжатда Олий суд судьяси бўлишнинг малака талаблари қайд этилмаган. Бу АҚШ президентига исталган шахсни, у ҳуқуқшунос, сиёсатчи ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъи назар, Олий суд судьяси лавозимига номзод сифатида кўрсатиш имкониятини беради. Қолаверса, президентлар номзоднинг сиёсий қарашларига ҳам эътибор беради. Боиси, агар президент консерватив бўлса, у илгари сурган номзод судья бўлганидан сўнг либераллар манфаатлари йўлида иш олиб боришини хоҳламайди.

Олий суд судьялигига номзод кўрсатиш – АҚШ Конституциясига мувофиқ, президентнинг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади. Амалиётда, АҚШ президентлари тақдим қилган номзодлар борасида турли баҳс-мунозаралар кетса-да, шу пайтга қадар уларнинг 11 нафари рад этилган, холос.

Кўрсатилган номзод тўғридан тўғри Сенатда овозга қўйилмайди. Аввало, номзод Сенатнинг Ҳуқуқ қўмитасида суҳбатдан ўтиши керак. Бунда сенаторлар унинг нафақат ҳуқуқ соҳасидаги билимлари, балки унинг фалсафий қарашларига ҳам эътибор қаратишади. Суҳбат якунида сенаторлар номзод ҳақидаги ўзининг ижобий, салбий ёки бетарафлиги ҳақидаги хулосасини якуний овозга қўйиш учун Сенатга юборади.

Дастлаб Олий суд судьяси бўлиш учун сенаторларнинг 2/3 қисми овозини тўплаш керак бўлган. Аммо, ҳозир ядро усулини (nuclear option) қўллашади, бунда сенаторларнинг 60 нафарининг овози етарли ҳисобланади. Хусусан, амалдаги АҚШ президенти томонидан кўрсатилган номзод Нил Горсуч ҳам овоз беришнинг шу усули билан Олий суд судьяси бўлди.

Шундан сўнг сенаторлар овоз беришнинг якуний натижалари асосида президент томонидан умрбод муддатга тайинланади.

АҚШ Олий суд судьяларини лавозимидан фақат Сенат томонидан, мансабдор шахсларга (жумладан, АҚШ президентига ҳам) қўлланилувчи импичмент воситасида олиб ташлаш мумкин. Ёки унинг ўлими ва истеъфоси бунга сабаб бўлади.

Шу ўринда қайд этиш керак, Олий суд судьялари каби федерал судьялар ҳам президент томонидан тайинланади, яъни АҚШда судьяларни тайинлаш амалиёти деярли бир хил. Федерал судьяларни Олий суд судьяларини лавозимидан озод этишдаги фарқ шундаки, федерал судьяларни штатларнинг қонун чиқарувчи ҳокимиятлари тасдиқлашга ҳақли.

Ўзбекистон Олий суди
Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасидаги ишларни кўрувчи Олий суд ҳамда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўрувчи Конституциявий суд суд ҳокимиятининг олий органлари ҳисобланади. Яъни бир-биридан мустақил тарзда фаолият олиб борувчи иккита олий суд органлари мавжуд.

Олий суд таркиби Пленум, Раёсат, жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатларидан иборат. Конституциявий судда эса бундай таркиб мавжуд эмас.

Ўзбекистон судларининг тузилмаси ва штат бирлигининг сони Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланади. Айни пайтда Олий суд судьяларининг сони 73 нафарни ташкил этади. Конституциявий суд аъзолари сони эса қонунда тўғридан тўғри белгиланган бўлиб, 9 нафар судьядан иборат.

Олий суди раиси, раис ўринбосарлари, судьялари – президент тақдимномасига биноан, Сенат томонидан сайланади ва лавозимидан олинади. Конституциявий суд судьялари эса президент тақдимига биноан, Сенат томонидан, Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади ва лавозимидан олинади.

Президент томонидан тақдим этилган номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш учун аввало ушбу масала Сенатнинг кун тартибига киритилиши, бунинг учун эса Сенатнинг тегишли қўмитасида бу масала кўпчилик овоз билан маъқулланиши талаб этилади.

Номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш давомида Сенат қўмитаси аъзолари номзодларнинг касб малакалари ва тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида уларга саволлар бериши мумкин. Шундан сўнг тегишли қарор Сенатда кўриб чиқилади ва бунда ҳам номзод судьялик лавозимига сайланиш учун сенаторларнинг кўпчилигининг овозини олиши керак бўлади.

АҚШ қонунчилигидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон қонунчилиги судьяликка номзодларга нисбатан бир қатор талабларни илгари суради. Номзоднинг ёш цензи ва судьянинг лавозимда бўлишининг ёш цензи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ёки судда меҳнат стажига эга бўлиши талаблари бор.

Олий суд судьялари фаолиятининг кафолатлари

Фото: SupremeCourt.gov

АҚШ Конституциясининг III моддасида: “Олий суд ва қуйи судлар судьясининг хулқ-атвори намунали тарзда бўлганда ўзининг лавозимини сақлаб қолади ва судьялар белгиланган муддатларда лавозимда бўлган пайтида камайтирилиши мумкин бўлмаган ўз ишига рағбатлантириш олади”, деб кўрсатилган.

Ушбу қоидалар Конгресс судьяларни ишдан бўшатиш ёки уларнинг маошларини камайтириш билан таҳдид қилиш орқали суд ишларининг натижаларига бевосита таъсир ўтказа олмаслигини таъминлайди.

Конгресс судьяларнинг ойлик маошларини ва бошқа тўловларни камайтиришга уларни жорий этиш тўғрисидаги қарор кучга кирмаган пайтда, яъни лойиҳа шаклида бўлганда ваколатлидир.

АҚШда судьяларнинг, хусусан Олий суд судьяларининг фаолияти кафолатларидан бири – бу уларнинг юридик иммунитетга эгалигидир. Бироқ, судьяларнинг иммунитетга эгалиги уларнинг мутлақ дахлсизлигини англатмайди. Умумий қоидага кўра, АҚШда судьялар, агар улар коррупциялашган бўлса ёки адолатсиз, ишдан манфаатдор бўлса, ўз мажбуриятлари юзасидан ишга алоқадор шахслар олдида жавобгар бўлади ҳамда импечмент йўли билан лавозимидан олинади.

Бироқ, судьялар агар иш фуқаролик муносабатларига алоқадор бўлса, судья томонларга қандай ва қай даражада зарар етказганидан, ишни кўришда ўз ваколатларини ошириб юборганидан қатъи назар, жавобгар ҳисобланмайди.

Судьяларнинг фуқаролик ишлари бўйича жавобгарлиги фақат ваколати мавжуд бўлмагандагина келиб чиқади. Бу судьяларга низоли вазиятни бирон-бир жавобгарликка тортилиш хавфисиз кўриш имкониятини беради.

Ўзбекистон Олий суди Пленуми мажлиси
Фото: Олий суд

Ўзбекистон судьялари ҳам юридик иммунитетга, аниқроқ айтганда дахлсизликка эга, яъни судьянинг шахси дахлсиз. Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

Аммо, Конституциявий суд судьяларининг дахлсизлиги Олий суд судьялариникидан фарқ қилади. Хусусан, “Судлар тўғрисида”ги қонун судьяларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида уларга тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, адлия вазири томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ўқотар қурол берилишини, зарур ҳолларда тегишли суд раисининг қарорига биноан ички ишлар органи судья ва унинг оиласи учун қуролли соқчилар ажратишини назарда тутади. Аммо, “Конституциявий суд тўғрисида”ги қонунда бундай кафолат берилмаган.

Шунингдек, жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишда ҳам фарқлар мавжуд. Агар, Олий суд судьясини жавобгарликка тортиш учун Судьялар олий кенгашининг хулосаси талаб этилса, Конституциявий суд судьясини жавобгарликка тортиш учун эса бевосита Конституциявий суднинг розилиги талаб этилади.

Бундан ташқари, ҳар икки суд судьялари ваколатини муддатидан илгари тугатиш асосларидан бири судьялик қасамёдини бузиш ҳисобланади. Аммо, муаммо шундаки, судьяларнинг қасамёд матнида келтирилган “ҳалол” ва “виждонан” каби сўзларни талқин қилиш амалиётда мураккабликларни, турли хил талқинларни келтириб чиқариши мумкин. Қолаверса, судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш судьялар малака ҳайъатларининг ваколати ҳисобланади. Яъни, бир судьянинг бошқа судьялар томонидан назорат қилинишини англатади, бу эса ишни холис баҳолаш масаласини сўроқ остига қўяди.

Олий суд ваколатлари ва суд прецеденти

АҚШ Олий суди бевосита Конституция билан ташкил этилган ягона суд ҳокимияти органидир. Гап шундаки, АҚШ Конституциясида суд тизими сифатида фақат Олий суд қайд этилган, федерал судлар ёки ихтисослаштирилган судлар ва уларнинг тизими ҳақида махсус қоидалар белгиланмаган.

АҚШ Конституциясининг 3-моддасига кўра, Конгресс ҳар қандай қуйи судни ташкил этишга ҳақли. Албатта, бунда қуйи судлар қарорлар қабул қилишда Олий суд чиқарган қарорларга ҳам амал қилиши мажбурий, яъни АҚШда суд прецеденти амал қилади.

Иқтисодий, жиноий, фуқаролик, маъмурий ва бошқа масалалар бўйича АҚШ Олий суди суд тизимининг ягона олий инстанцияси ҳисобланади.

Шунингдек, Конституция моддаларига шарҳ ёки қонун ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги юзасидан қарор чиқаришга ҳам фақат Олий суд ваколатлидир.

АҚШ Олий суди апелляция инстанцияси сифатида ишларни кўриб чиққанда чиқарилган қарорлар устидан шикоят қилиш мумкин эмас.

Олий суд биринчи инстанция сифатида иш кўриши ҳам мумкин. Бунда бир штат иккинчи штат устидан шикоят қилганида ёки ишни кўриш предмети давлат раҳбарининг ҳаракати билан боғлиқ бўлса, ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқади. Олий суд чиқарган қарорлар сўнгги босқич бўлиб, унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Юқорида қайд этилганидек, АҚШ Олий суди судьяси ўз қарорлари билан нафақат қуйи судлар учун мажбурий қоидаларни ўрнатади, балки ана шу қарорлар билан у ёки бу ҳуқуқий муносабат юзага келишини, ўзгартирилишини ёки тугатилишини таъминлайди.

Қуйида, Олий суднинг ана шундай қарорларидан айримларига тўхталиб ўтсак:

  • ҳар бир инсон адвокат олиш ҳуқуқига эга (1961 йилдаги қарор);
  • ирқлараро никоҳга қўйилган тақиқни бекор қилиш (1967);
  • аборт қилишни тақиқлашни бекор қилиш (1973);
  • вояга етмаганларни қатл қилишни тақиқлаш (2005);
  • ҳар бир инсон ўзини ҳимоя қилиш учун ўқотар қуролга эгалик қилишга ҳақли экани ҳақидаги қарор (2008).

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида ва кассация тартибида кўради. Конституциявий суд эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигига оид ишларни кўриб чиқади.

АҚШда бўлгани каби, Ўзбекистонда суд прецеденти амал қилмайди. Аммо, Олий суд Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир. Тушунтиришлар эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторига кирмайди. Ваҳоланки, судлар одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга ошириши лозим.

Ўзбекистон ва АҚШ қонунчилигининг Олий суд фаолиятига оид ҳуқуқий масалаларнинг қиёсий таҳлили натижаси асосида қуйидаги таклифлар илгари сурилади:

биринчидан, судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва уларнинг мақомини ошириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш;

иккинчидан, судьяларнинг иш кўришлардаги мустақиллигини кучайтириш мақсадида суд раисининг судьяларни жазолаш ва судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш бўйича Олий суд раисининг ваколатларини бекор қилиш ва ўрнига судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш учун Судьялар олий кенгашига тақдим этиш ҳуқуқини бериш;

учинчидан, Сенат томонидан Олий суд корпусини шакллантиришда таъсир ўтказиш ваколатларини камайтириш мақсадида Олий суд судьяларни тайинлашни судьялар ҳамжамияти органи ҳисобланган Судьялар олий кенгаши ваколатига ўтказиш.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, суд ҳокимиятининг мустақиллиги амалда таъминланмас экан, одил судловни амалга оширишда тўсиқлар пайдо бўлаверади, бу тўсиқлар эса судларнинг адолатли қарорлар қабул қилишига таъсир ўтказмай қолмайди.

Отабек Тошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими

Мавзуга оид