Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тўланаётган компенсациялар сарфи, аёвсиз ўзлаштирилаётган дарё ва чўллар муаммоси — Экоқўмита мутасаддилари билан интервью
Соя-салқин баҳаво жойлар, ўрмон, дарахтзорлар ёз кунлари айниқса, ўз қадрини кўпроқ билдиради. Афсуски, Ўзбекистонда йил сайин дарахтлар кўпроқ кесила бориши, истироҳат боғлари бузилиши, қурилишлар ва бу жараёндаги чанг-тўзон атроф-муҳитга ва ҳаётимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти.
Экология ва атроф-муҳитга бу каби эътиборсизлик мамлакатда экологик сиёсатни юритишга масъул бўлган Экоқўмита фаолиятини ўз ўрнида қайта кўриб чиқиш, масъулиятини оширишни талаб этмоқда. Kun.uz шу каби муаммоли масалалар юзасидан Экология қўмитаси масъулларини интервьюга тортди.
— Аслида биз бу интервьюни Қўмита раиси Алишер Мақсудов билан уюштиришни режа қилгандик. Лекин интервьюни сизлар беряпсиз. Айтинг-чи, Қўмита раиси нега матбуотдан қочяпти?
Абдурашид Содиқов, Экология қўмитаси бош бошқарма бошлиғи
— Раис саволдан қочаётгани йўқ, ҳозир даволанишда бўлгани учун интервьюга кела олмади. Лекин бунгача ҳам бирор ОАВга интервью беришда муаммо бўлмаган.
— Қўмита саноат корхоналаридан табиатга етказилган зарар учун компенсация тўлови олади. Қонунчиликда бу маблағ ўша ҳудуд табиатини қайта тиклашга сарфланиши керак. Суриштирувларимда аниқ бўлдики, Қўмита биргина ОКМКдан 4 млрддан ортиқ компенсация ундирарди. Хўш, бу пуллар ҳисобидан шу пайтгача Олмалиқда қандай ишлар қилинди?
Халилулло Ширимбетов, Экология қўмитаси бош бошқарма бошлиғи
— Ҳар бир корхона табиатга ифлослантирувчи модда ташлайди. Экология қўмитаси ҳар бир корхонага меъёр белгилаб қўйган. Белгиланган меъёрга ҳам, ундан ошса ҳам, тўлов амалга оширилади. Тушган маблағнинг 60 фоизи ўша ер маҳаллий бюджетида қолади, 40 фоизи эса Қўмита жамғарма фондига ўтади. Маҳаллий бюджетда қоладиган маблағ қандай сарфланиши бизга қоронғи, муаммо ана шу ерда. Аслида, ўша пуллар атроф-муҳитни муҳофаза қилишга йўналтирилиши керак.
— Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатидай катта корхона табиатга чиқараётган зарар учун 4 млрд. жуда кам пул эмасми?
— Бу кам эмасми, десангиз, тўғри, лекин бизда шундай корхоналар борки, технологияни замонавий қилиш ўрнига жарима тўлаганни афзал кўради. Сабаби, жарима арзонроқ тушади. Қонунчиликка ўзгартириш киритишга таклиф тайёрлаяпмиз, жарима шу даражада бўлиши керакки, корхона ундан қўрққанидан технологияни ривожлантиришга ҳаракат қилсин. Лекин бошқа томондан бу жарималар ҳозир киритилса, энди оёққа тураётган корхоналар ўтириб қолиши мумкин. Агар экологик нормани тўлиқ қўллайдиган бўлсак, корхоналарнинг 50 фоизи ёпилиши керак. Уларда қанчалаб инсонлар ишлайди ва аҳоли ишсизлиги кучаяди. Шунинг учун биз ижтимоий тарафини ҳам инобатга олиб, босқичма-босқич талабни ошириб боряпмиз. Масалан, ҳозир ноқонуний овланган ҳайвонлар баҳосини ўн бараварга оширдик. Яқинда чиққан қарор билан компенсация тўловлари ҳам оширилди.
— Навбатдаги саволим водийдаги Ёзёвон чўли мисолида бутун Ўзбекистон ҳудудидаги муаммолар ҳақида. Айтинг-чи, дунёда ноёб бўлишига қарамай, Ёзёвон чўлидан саноат учун қум олиш нега тўхтатилмаяпти?
Абдурашид Содиқов, Экология қўмитаси бош бошқарма бошлиғи
— Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳудудида жойлашган Ёзёвон чўли ноёб экосистема сифатида сақланиб қолган. У ерда “Қизил китоб”га кирган ноёб ҳайвонот ва ўсимлик олами мавжуд. Бу муҳофаза этиладиган ҳудуд ҳисобланса-да, категорияси жуда паст, бу статусни кўтариш керак. Ўтган йили Ёзёвон сув омбори қурилишига чўлдан қум олиш ҳолатлари бўлганда, бунинг олдини олдик ва кириш жойларини чуқур қилиб қазиб ташладик. Эндиликда бу ҳолат такрорланмайди.
Қўмита олдида турган муаммолардан бири Ёзёвон чўлининг Наманган вилояти ҳудудида жойлашган 1,1 минг гектарлик Мингбулоқ участкаси бўлиб турибди, вилоят ҳокими қарори билан ўша жой тадбиркорларга бўлиб берилган.
Халилулло Ширимбетов, Экология қўмитаси бош бошқарма бошлиғи
— Бу каби ҳудудлар ёки объектлар табиат ёдгорлиги, деб аталади ва улар маҳаллий ҳокимият қарорлари билан ташкил этилади. Ёзёвон чўллари Ўрмон хўжалиги тасарруфида. Шу билан бирга ҳокимият балиқчилик учун ерларни бўлиб берган. Бу каби ишларга йўл қўймаслик учун юқорида айтилганидек, чўлнинг статусини кўтариш керак. Шундай муҳокама қиляпмиз, чўлни барча участкалари билан Миллий табиат боғига айлантириш.
— Кейинги пайтларда дарё ўзанларидан аёвсиз қазиб олинаётган тош, шағал сабаб дарёларимизнинг релефи ўзгариб бормоқда. Қўмита дарё ва дарё бўйларида қазиш ишлари учун рухсат бераётганда масаланинг шу томонини ҳисобга оляптими?
Фарҳод Деҳқонов, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси бошлиғи ўринбосари
— Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошида Хавфсиз дарё унитар корхонаси республикадаги барча дарёлар мониторингини олиб боради. Дарё тошиши, фавқулодда вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган нуқталар аниқланиб, ўша ердан қум-шағални қазиб олиб, дарёнинг хавфсиз оқиб ўтиб кетишини назорат қилади. Унитар корхона бирор ҳудудни хавфли деб топса, ўша жойни тадбиркорларга аукцион орқали ажратиб беради. Кейин тадбиркор белгиланган ишларни амалга оширади. Тадбиркорга ҳужжатлар тайёрлашда давлат экологик экспертиза хулосасини олиш ҳам юклатилади.
Ўрганишлар ва кузатувларда кўпинча тадбиркорга белгиланган ҳудудда белгиланган меъёрда шағал олиши тавсия этилган бўлса-да, бир неча метр қазиб олгани кўриняпти. Бу ерда асосий муаммо ижро назоратида кузатилади. Ишчи гуруҳ прокуратура, ҳудудий экология бўлимлари, саноат хавфсизлиги ташкилоти ходимларидан тузилади.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.
Мавзуга оид
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
23:00 / 04.11.2024
“Афсус, виждон иссиқхонада ўсмайди" - Шерзодхон Қудратхўжанинг пости эътирозларга сабаб бўлди
10:56 / 03.11.2024