Иқтисодиёт | 19:57 / 29.06.2021
9915
2 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитаси ноқонуний давлат харидлари бўйича ўрганиш натижаларини маълум қилди

Январ-май ойларида ўтказилган ўрганишларда 8 мингта тендердан 4 мингтасида камчиликлар аниқланган. Энг ёмон кўрсаткич қурилиш соҳасига тегишли.

Фото: ТАСС

Монополияга қарши курашиш қўмитаси давлат харидларида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ўрганиш ўтказди.

Қўмитага кўра, ўтган 5 ой давомида жами 8 минг 100та тендер (танлов) савдоларидан 4 минг 100тасида камчиликлар аниқланган. Хусусан, 55 фоиз ноқонуний савдолар қурилиш ишларида, қолган қисми товар ва хизматлар харид қилишда амалга оширилган.

Маълум бўлишича, энг йирик кўрсаткич (67,7 фоиз) давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш билан боғлиқдир.

Шунингдек:

  • иштирокчилар ўртасида аффилланганлик (13,7 фоиз);
  • буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида аффилланганлик (6 фоиз);
  • савдо ўтказмасдан тўғридан тўғри шартнома тузиш (5,2 фоиз);
  • савдо иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш (3,2 фоиз) каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳам аниқланган. 

Маълумот берилишича, қўмита томонидан давлат харидларини амалга оширишда иштирок этаётган аффилланган шахсларни аниқлашга хизмат қилувчи demoreport.uzex.uz электрон тизими жорий қилинди. Мазкур тизим орқали харидлар ижрочилари тўғрисидаги маълумотларни (харид ғолиби, унинг СТИР рақами, бенифициари ва таъсисчиси, уларнинг СТИР рақами) доимий мониторинги амалга оширилмоқда.

Аввалроқ, май-июн ойларида ўтказилган давлат харидларида бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 101,5 млрд сўмлик 324 та танловда «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилишига йўл қўйилгани хабар қилинганди.

Жумладан, давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилиши энг кўп Андижонда 20 млрд сўмлик (51 та), Тошкент шаҳрида 19,5 млрд сўмлик (51 та) ва Самарқанд вилоятида 12,8 млрд. сўмлик (52 та) қайд этилган.

Мавзуга оид