Муаммолардан бири – экин ерларида тупроқнинг ҳаддан зиёд кимёлаштирилиши. Ривожланган мамлакатларда ўсимликларни кимёлаштиришга эмас, табиий усулларда етиштиришга кўпроқ аҳамият қаратила бошлаган. Яъни тупроқдаги фойдали бактериялар тўплаб олинади, улар қайта ишланиб, ўсимлик танасига юборилади.

Биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу ва бошқа масалалар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Бахтиёр Расулов айни пайтда ЎзФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти Микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мутахассиси сифатида фаолият юритмоқда. Бунга қадар бир неча йил Хитой Фанлар академияси институтларида тажриба орттирган.

– Бахтиёр ака, сиз олиб бораётган илмий-тадқиқот ишларининг моҳияти нимадан иборат? Биоазот ўзи нима?

– Биоазот илмий ишланмамиз табиатда, тупроқда мавжуд бўлган, атмосфера азотини ўзлаштириб, ўсимликларга енгил ҳолатда ўзлашадиган биологик азот синтез қилувчи бактериялар асосидаги биологик восита ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида қўлланаётган азотли ёки фосфорли ўғитлар ўрнида қўллаш учун таклиф этилган биологик воситадир.

Биз ҳозирда қўллаётган биовоситамиз асосини тупроқда мавжуд бўлган тирик организмлар ташкил этади. Уларнинг асосий хусусиятларидан бири – ҳаводаги азотни ўзлаштириб, ўсимликка озуқа сифатида етказиб бериш.

Саноатда минерал ўғитлар, азотли ўғитлар ҳаводаги азотни суюқлантириш орқали ва кейинчалик азотни кетма-кет оксидлаш, кейинги кимёвий рекциялар орқали минерал ўғит ҳосил бўлади. Тирик организмларда ҳам моҳиятан шундай жараён. Азотни ўзлаштириб, уни биологик ҳолатда ўтказиб, ўсимлик ўзлаштира оладиган ҳолатга олиб ўтамиз.

– Кимёвий ўғитлардан воз кечиб, фақат табиий йўл орқали ўсимлик дунёсини ривожлантира олиш мумкинми?

– Барибир хоҳлаймизми-йўқми, бу тизимга ўтиш учун маълум бир вақт, кўникма талаб этилади. Бунгача кимёвий йўлдан фойдаланиш мумкин. Бунда анъанавий йўлдан эмас, балки ноанъанавий усулларни қўллаш керак. Мисол учун, ўсимликни баргидан озиқлантириш мумкин. 200 кг карбамидни тупроқдан бергандан кўра, 5 кг карбамидни сувда эритиб, суспензия ҳолатида баргидан бериш мумкин.

Мана шу усулларда ишлаб, секин-секин кимёвий усуллардан воз кечишимиз керак. Сабаби қишлоқ хўжалиги ривожланган мамлакатларда, хусусан, Нидерландия, Хитой, Япония каби давдатларда органик маҳсулотларга талаб жуда юқори ва бу анъанавий усулда олинган маҳсулотларга нисбатан бир неча баробар қиммат.