Фан-техника | 18:01 / 30.06.2021
42290
8 дақиқада ўқилади

Industry 4.0: янги давр келмоқда

Сунъий ақл соҳасига киритилаётган инвестициялар ва амалга оширилаётган тадқиқотлар Industry 4.0’нинг тўлиқ амалга ошишини тобора реалликка яқинлаштирмоқда. Сунъий ақлнинг ўзи эса Industry 3.0'нинг якуни ва Industry 4.0'нинг асоси сифатида баҳоланмоқда.

Фото: SIA / Science Photo Library via AFP)

Хитой бошлаб берган «Буюк оловли девер» (Great Firewall) сиёсати ортидан Россияда ҳам «Роскомнадзор» интернет тармоқлари устидан назорат кучайтирилди. Бундан кўзланган мақсад Учинчи саноат инқилобининг «ёқилғи»си бўлган маълумотни мамлакат ҳудудида сақлаб қолиш эди. Бу каби ҳаракат ҳозирги кунга келиб «буюк давлат»лардан ташқари ривожланаётган давлатларда ҳам кузатилмоқда.

Маълумотлар базаси устидан назоратни ўрнатиш кўплаб ҳукуматларнинг мақсадига айланиб улгурди. Ҳукуматлар томонидан ушбу «интернетни болқонлаштириш» сиёсатига асосий туртки бу ижтимоий ва иқтисодий ҳаётга янги омил – сунъий ақлнинг жадаллик билан кириб келишидир. Сунъий ақл мутахассислар томонидан Industry 3.0'нинг якуни ва Industry 4.0'нинг асоси, деб билинмоқда.

Шу нуқтайи назардан Биринчи ва Иккинчи саноат инқилобларининг асоси бўлган заводларнинг ёнилғиси нефть, газ ёки электр токи бўлгани каби, сунъий ақлнинг ёнилғиси маълумотлардир.

Биринчи ва Иккинчи саноат инқилоблари

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Буюк Британияда бошланган саноат инқилобининг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида буғ машиналари ишлаб чиқариш жараёнларига кириб келди. Жамият ҳаётида, қишлоқ хўжалиги ёки саноатда туб ўзгаришлар содир бўла бошлади. Ерга ишлов беришда техника, кимёлаштириш ва биологик воситалар қўлланиши ортиқча ишчи кучини сиқиб чиқарди. Ишсиз аҳоли шаҳарларга иш излаб борди ҳамда саноат корхоналарида ишга ёлландилар. Биринчи саноат инқилобининг ўзига хос жиҳатларини ишсизликнинг ортиши, жисмоний меҳнатга бўлган талабнинг юқорилигича қолиши, аҳоли ҳаракати оқибатида эпидемиологик вазиятнинг хавфлилигида кўришимиз мумкин.

ХIХ аср охирида келиб электрдан кенг миқёсда фойдаланишга ўтилиши иккинчи саноат инқилобига асос бўлди. Бироқ, аввалгисидан фарқли равишда бу инқилоб аҳоли орасида ишсизлик ортиши билан кечмади. Саноат корхоналарининг кенг миқёсда қурилиши ва конвейерлаш тизими жорий этилиши ишчи кучига бўлган талабни оширди. Бундан ташқари, конвейердаги ишчи меҳнат жараёнининг кичик бир қисмидаги доим такрорланиб турадиган амалиётда иштирок этгани сабабли юқори даражада билим ва таълим кўникмалари унга зарур эмас эди.

Иккинчи саноат инқилобининг ўзига хос жиҳатларига жисмоний кучга бўлган талаб сақланиб қолиши, ишсизликнинг қисқариши, нотенгликнинг камайиши ҳамда Буюк Британия саноат зонасидан ташқари Пруссия (Германия), АҚШ, Япония ва советлар иттифоқининг ўз саноат зоналарини шакллантиришларини ҳам киритиш мумкин. Шу қаторда, энергетика, конвейерлаш тизими ва стандартлаштириш натижасида маҳсулотнинг кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши нархларни арзонлаштирибгина қолмасдан, истеъмол бозорлари ва ресурслар учун қирғинбарот урушларга ҳам сабаб бўлди.

Учинчи саноат инқилоби

«Бўлиб олинган дунёни қайта бўлиб олиш» учун кечган урушларнинг энг даҳшатлиси ва ҳозирча энг сўнггиси бўлган Иккинчи жаҳон уруши якунида фақатгина АҚШ ва советлар иттифоқи ўзларининг саноат зоналарини сақлаб қола олди. Совуқ уруш фонида амалга оширилган кашфиётлар эса кейинчалик янги саноат инқилобининг асосига айланиб борди. Мисол учун, айнан шу даврга келиб атом энергиясидан фойдаланила бошланди, сунъий йўлдош учирилди, компьютер кашф қилинди ва кўплаб янгиликлар амалга оширилди.

Компьютерлаштириш ва автоматлаштириш эса бу ўзгаришларнинг асоси бўлиб хизмат қилди. Саноат инқилоби ютуқларини янада кенгроқ ўзлаштиришнинг уддасидан чиққан АҚШ таълим тизими ва бозор иқтисодиёти эса 1990-йиллардан бошлаб дунёдаги ягона саноат зонасига айланди.

Учинчи саноат инқилобининг аввалги инқилоблардан фарқи меҳнат шаклини тамомила ўзгартира олди. Жисмоний кучга таянадиган ишчилар энди ақлий қобилиятларини ишга солишларига тўғри келди. Инсонлар олдида бир неча танловлар пайдо бўлди:

1. Меҳнат бозорини тарк этиб, ишсизлик нафақаси ҳисобига яшаш, тиланчилик қилиш ёки қора иқтисодиёт билан шуғулланиш;

2. Re-skilling амалга ошириш ва хизмат кўрсатишнинг официантлик, юк ташувчилик, фаррошлик каби кўплаб умумий соҳаларида ёлланиш;

3. Up-skilling орқали янги билимларни ўзлаштириш ва «оқ ёқали» ишчилар сафига қўшилиш.

Таълим тизимининг ушбу даврдаги ҳал қилувчи аҳамияти ҳам айнан кадрларни юқоридаги йўналишлардан қайси бирига йўналтира олишида бўлди. Фанларни, айниқса, STEM’га оид фанларни самарали ўргата олган давлатлар аҳолини янги даврга тайёрлади. Натижада, юқори малакали ҳамда юқори маош олувчи ишчи потенциалига эга технологик тараққий этган давлатлар бошқалардан ажралиб чиқди.

Иккинчи гуруҳ давлатлар эса re-skilling амалга ошириб аҳолини касб-ҳунарга тайёрлади ёхуд уларнинг таълим тизими бутунлай самарасиз бўлиб чиқди. Оқибатда, асосий иқтисодий амалиётлар қора бозорга кўчиб ўтди ёки кам ойлик олувчи меҳнаткаш қатлам шаклланди.

Учинчи саноат инқилобининг бугунги дунёда қолдираётган энг катта оқибати эса глобал нотенгликнинг ўсиши бўлди. Масалан, Google, Amazon, Microsoft office, Tesla каби йирик корпорация асосчилари ёки ижрочиларининг мисли кўрилмаган тарзда улкан бойлик тўплади.

Тўртинчи саноат инқилоби

Сунъий ақл ижтимоий ҳаётимизни тўла эгалламаган бўлса-да, кундалик турмушимизда фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, Google энг кўп изланган буйруқларни эслаб қолиш ва тавсия қилиш имконига эга. Шу каби улкан маълумотларни йиғаётган корпорациялар уларни қайта таҳлил қилиш орқали сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларга фаол аралашмоқдалар. Учинчи саноат инқилоби даврида маълумотлар таҳлили билан компьютер ёрдамида инсонлар шуғулланмоқда. Бироқ, сунъий ақл алгоритмларининг такомиллашиб бориши яқин йилларда ақлий меҳнат ишчиларини офислардан сиқиб чиқариши мумкин.

Сунъий ақлнинг идеал хусусияти – бу аниқ мақсадга эришиш учун энг яхши имкониятга эга бўлган ҳаракатларни баҳолай олиш ва амалга ошириш қобилиятидир.

Кўпчилик сунъий ақл атамасини эшитганда, биринчи навбатда кўз олдига роботлар келади. Аммо роботлар сунъий ақлнинг кичик бир кўриниши ҳисобланади. Технологиялар ривожланиб борган сари сунъий ақлни белгилайдиган олдинги кўрсаткичлар эскириб бормоқда ва унинг қудрати кучаймоқда. 

Шуни унутмаслигимиз керакки, Industry 4.0 ҳали тўлиқ амалга ошмаган, яъни якунланмаган. Сунъий ақл соҳасига киритилаётган инвестициялар ва амалга оширилаётган тадқиқотлар эса уни реалликка тобора яқинлаштирмоқда. Ушбу шароитда Тўртинчи саноат инқилоби бир қанча ўзига хос хусусиятларни юзага чиқариши мумкин. Булар қаторига олий маълумотли ишсизлар сонининг ортиши, «soft skill»ларга бўлган талабнинг ошиши, аҳоли орасида тушкунлик кайфияти кучайиши кабиларни киритишимиз мумкин.

Шунингдек, халқаро майдонда нефть ва бошқа ёқилғи ресурсларига бўлган кураш каби маълумотлар базаси учун рақобат кенгайиб боради. Киберхавфсизлик эса мамлакатлар дахлсизлигининг бир қисмига айланса ҳам ажаб эмас.

Шаҳбоз Жўраев ва Достон Аҳроров, Халқаро муносабатлар бўйича мустақил тадқиқотчилар

Мавзуга оид