Жамият | 20:30 / 30.06.2021
10526
4 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков вакциналарнинг зарарли экани тўғрисидаги миш-мишларга муносабат билдирди

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга олиб келинаётган коронавирусга қарши вакциналар инсон организми учун зарарли экани, айниқса, Хитойда ишлаб чиқарилган вакцина жуда хавфлилиги тўғрисида турли асоссиз хабарлар тарқалди. Бу эса одамлар орасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан ССВ матбуот хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабековга мурожаат қилди.

«COVID-19 инфекциясига қарши самарали курашиш, ушбу хавфли хасталикдан халос бўлиш бугун инсоният кун тартибидаги энг муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Айтиш лозимки, мана шундай оғир ва мураккаб даврда дунё олимлари томонидан коронавирусга қарши яратилаётган вакциналар ушбу касалликнинг олдини олиш ва пандемияни тўхтатиш учун барчамизга катта умид ва ишонч бағишламоқда.

Бироқ, афсуски, аксарият мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари бошлангач, ижтимоий тармоқлар ҳамда аҳоли орасида турли асоссиз ва ҳеч қандай мантиқ ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган миш-миш ва ёлғон хабарлар тарқалиши авж олди.

Айниқса, Ўзбекистондаги эмлаш тадбирларида мутлақо иштирок этмаган ва мамлакатимизга олиб келинган вакциналар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган айрим юртдошларимизнинг чет элда туриб, халқимиз орасида вакцинага нисбатан ишончсизлик уйғотиши, унинг таркиби, инсон организмига таъсирлари ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиши ачинарли, албатта.

Аслида бундай одамларнинг вакциналарни зарарли дейишига ҳеч қандай асосли фикри йўқ ва уларнинг гап-сўзлари қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас. Боиси, улар ушбу вакциналарни ишлаб чиқариш ва синов жараёнларида, қолаверса, юртимиздаги эмлаш тадбирларида иштирок этмаган.

Ваҳоланки мутахассис, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг 3 дозаси билан эмланган фуқаро сифатида айтишим мумкинки, юртимизга олиб келинаётган барча вакциналар қаторида ушбу воситанинг ҳам сифати ва самарадорлиги мутахассислар томонидан тўлиқ исботланган.

Қолаверса, соғлом фикр билан ўйласак, бугун вакцинадан бошқа ушбу касалликни енга оладиган бирорта ҳам самарали восита кўринмаяпти. Яъни касалларни рўйхатга олиш, беморларни шифохоналарга ётқизиш ва даволаш билангина бу хасталикни енга олмаймиз. COVID-19 инфекциясининг олдини олиш учун эса жамоавий иммунитет керак. Жамоавий иммунитет фақат икки йўл – оммавий касалланиш ва эмланиш билангина шаклланади.

Бироқ биринчи йўл – оммавий касалланиш нақадар хавфли йўл эканига ўтган бир йилдан ортиқ вақт давомида барчамиз гувоҳ бўлдик. Шундай экан, ягона йўл – эмлаш орқали мустаҳкам иммун қўрғонини шакллантиришимиз керак.

Аҳолининг 60–70 фоизида иммунитет бўлмас экан жамоавий иммунитетни, бу орқали барқарор эпидемиологик вазиятни таъминлай олмаймиз.

Маълумки, бугун дунёдаги саноқли мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам 18 ёшдан юқори бўлган фуқароларни COVID-19’га қарши оммавий эмлаш учун барча шароитлар яратиб берилди. Айни пайтга қадар мамлакатимизга 7,4 миллион доза вакцина олиб келинди.

Шундай экан, бу каби асоссиз хабарларга ишонмаслигимиз, аксинча барчамиз давлат томонидан яратиб берилган имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз лозим. Зеро бу ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги учун жуда муҳим», дейди Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид