Жамият | 19:45 / 05.07.2021
15483
1 дақиқада ўқилади

Бекобод тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари 3,5 йилга қамалгани маълум бўлди

Бекобод тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари 2020 йил августида 5000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида қўлга олинган, бу ҳақда Kun.uz ўз манбасига таяниб хабар берганди. Маълум бўлишича, унинг ҳаракатлари пора олиш эмас, фирибгарлик сифатида малакаланган.

Kun.uz Тошкент вилоят суди ахборот хизматидан олган маълумотга кўра, М.Б.га оид жиноят иши ЖИБ Бўка туман суди томонидан кўриб чиқилиб, 13 ноябрдаги суд ҳукми билан у ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) билан айбдор деб топилган ҳамда унга нисбатан 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд ҳукмига кўра, ИИБ бошлиғи ўринбосари аслида ваколати бўлмаса-да, жиноят иши бўйича қидирувдаги шахсга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштириш, шунингдек тергов ҳаракатлари давомида енгиллик беришни ваъда қилиб, тамагирлик йўли билан пул маблағларини талаб қилган.

Аввалроқ Kun.uz пора билан қўлга тушган Бухоро вилоят ДСЭНБ бошлиғи 3 йилга, Чилонзорда 1 гектар ерни 1,4 млн долларга сотмоқчи бўлган мансабдорлар 8 йилга қамалганини хабар қилганди.

Мавзуга оид