08:40 / 07.07.2021
16193

Жефф Безоснинг бойлиги рекорд кўрсаткичга етди

Фото: AP

АҚШнинг Amazon корпорацияси асосчиси, дунёнинг энг бадавлат одами Жефф Безоснинг бойлиги рекорд кўрсаткич – 211 млрд долларга етди. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.  

Ахборот агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Безоснинг активлари умумий қиймати 6 июлдаги савдолар натижаларига кўра 8,44 млрд долларга ошиб, 211 млрд долларга етди. Бу кўрсаткич Bloomberg’нинг миллиардерлар рўйхатига киритилган кишилар учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. 

Аввалги рекорд январ ойида қайд этилганди. Ўшанда Tesla ва SpaceX компаниялари раҳбари Илон Маскнинг бойлиги 210 млрд долларга етганди, бироқ охирги ойларда бу қиймат 181 млрд долларгача қисқариб кетган.   

5 июлда Безос ўзи асос солган Amazon компанияси бош директори лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Amazon Web Services булутли хизматига раҳбарлик қилган Энди Жесси эгаллади.

Айни вақтда Безос Bloomberg’нинг миллиардерлар рейтингида етакчилик қилмоқда. 2-3-ўринларни эса Илон Маск ва LVMH компаниялари гуруҳи президенти Бернар Арно (169 млрд доллар) эгалламоқда.

Безос бойлигининг ўсиши асосан Amazon акциялари нархи ўсиши билан боғланган. Март ойидан бери улар 20 фоизга қимматлаган. Маълумотларга кўра, 6 июлда компания инвесторлари АҚШ мудофаа вазирлиги булутли ҳисоблашлар соҳасида хизмат кўрсатиш бўйича 10 млрд долларлик шартномани тузишдан воз кечганини ижобий қаршилашган. Гап шундаки, ушбу шартномани қўлга киритиш учун Amazon ва Microsoft кураш олиб борган, бироқ у Microsoft’га берилиши кутилаётганди.

Top