Жаҳон | 20:08 / 09.07.2021
7020
1 дақиқада ўқилади

Pfizer ва BioNTech коронавируснинг дельта-штаммига қарши вакцина ишлаб чиқди

Pfizer ва BioNTech компаниялари коронавирусга қарши ўз вакцинасининг бустер варианти устида изланишлар олиб бормоқда. Янги вариант мавжуд вакцинанинг самарадорлигини оширади ва у дунёнинг 100га яқин давлатида тарқалган дельта-штаммга (ҳиндча) қарши қўллаш учун мўлжалланган.

Компаниялар баёнотида таъкидланишича, ҳозирги икки компонентли вакцина коронавируснинг ҳозирда маълум бўлган барча штаммлари, жумладан, дельта-штаммдан “энг юқори ҳимояни” таъминлай олади. Бироқ компаниялар “ҳушёр қолиб”, ўз вакцинасининг янгиланган вариантини ишлаб чиқишга қарор қилди.

“Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, вакцина самарадорлиги эмлашдан 6 ой кейин пасайган, дельта-штамм эса мамлакатда биринчи ўринга чиқмоқда”, деб айтилган баёнотда.   

Таъкидланишича, вакцинанинг янгиланган варианти илк партияси синовлар учун тайёр. Синовлар мутасадди идоралар томондан маъқуллангандан кейин август ойидаёқ бошланиши мумкин.

Мавзуга оид