Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳаити ҳукумати АҚШдан мамлакат инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун қўшин киритишни сўради
7 июлга ўтар кечаси номаълум шахслар Ҳаити президенти Жовенел Моизнинг қароргоҳига бостириб кириб, давлат раҳбарини отиб ташлашди ва рафиқасини оғир жароҳатлашди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Ҳаити ҳукумати АҚШга мамлакат инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун қўшин киритишни сўради. Бу ҳақда Ҳаити сайловлар масаласи бўйича вазири Матиас Пьерга таяниб Reuters хабар берди.
«Ҳаити ҳукумати хавфсизлик ва тергов бўйича ёрдам сўради. Биз АҚШ қандай тарзда ёрдам бериши мумкинлигини муҳокама қилиш учун Ҳаитининг мансабдор шахслари билан доимий алоқада бўламиз»,— деди ўз навбатида АҚШ давлат департаменти вакили.
CNN телеканалининг маълумот беришича, Ҳаити АҚШдан 500 нафарга яқин ҳарбий киритишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, 7 июлга ўтар кечаси номаълум шахслар Ҳаити президенти Жовенел Моизнинг қаттиқ қўриқланувчи қароргоҳига бостириб кириб, давлат раҳбарини отиб ташлашди ва рафиқасини оғир жароҳатлашди.
Ҳаити ҳукумати маълумотларига кўра, ҳужум яхши қуролланган ва ташкиллаштирилган гуруҳ томонидан амалга оширилган, гуруҳ колумбиялик 26 нафар истеъфодаги ҳарбийлар ва келиб чиқишига кўра Ҳаитига мансуб бўлган икки америкаликдан иборат бўлган. Улардан 17 нафари, жумладан икки америкалик қўлга олинган, уч киши хавфсизлик хизмати ходимлари билан отишмада ўлдирилган, яна 8 киши қидирилмоқда.