Сурхондарё тоғларидаги даралар орасида юртимиз экология тизимининг дурдоналаридан бири – Сангардак шаршараси жойлашган. Қадимдан одамларни ўзига ром қилиб келаётган сўлим масканга саёҳатимиздан бир олам таассурот билан қайтдик.

Сангардак шаршараси Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудида, Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида жойлашган. Агар бошқа вилоятда истиқомат қилсангиз, у ҳолда дастлаб Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрига етиб боришингиз, у ердан поезд ёки таксига ўтириб, Сариосиё туманига йўл олишингиз лозим. Бу эса қарийб 150 км масофа бўлиб, 2-3 соат вақтни олади. Айтиш лозимки, автомобиль йўлларининг сифати қониқарли даражада.

Сариосиё тумани субтропик ичкиконтинентал иқлим зонасида, Ҳисор тоғ тизмаси этагида жойлашган. Бу тоғлардан Сурхондарё, Тўполангдарё, Обизаранг ва бошқа дарёлар ирмоқ олади. Ҳудуднинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёси хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Тоғларда жайрон, бўри, тулки, қуён, барс ва ҳатто қўнғир айиқлар яшайди. Ёввойи ҳолда арча, писта, бодом, ёнғоқ, олма, зирк, наъматак ўсади.

Сариосиёдан маҳаллий такси қатнови орқали 60 км йўл босиб, Сангардак дарасига, шу номдаги шаршарага етиб олиш мумкин.
Сангардак шаршараси тоғ дарёсидан эмас, балки ғорлар ичидаги карст дарёларидан шаклланади, қоя тошлар орасидан сизиб чиқади. Шу сабабли халқ орасида у ҳақда қадимдан турли афсона ва эртаклар тўқилган, мўъжизакор тасаввурлар пайдо бўлган.

Сангардак – Ўзбекистоннинг энг баланд шаршараларидан бири. Унинг баландлиги 60-70 метргача боради. Сув сероб бўладиган баҳор ойларида 100 метргача етиши мумкин. Шаршара май ойи ўрталаридан то сентябрь ойи ўрталаригача сайёҳлар билан гавжум бўлади.

Шаршара олди сайёҳларга қулайлик туғдириш учун обод қилинган, панжара билан ўралиб, мўъжаз дарвоза қурилган. Унга олиб чиқадиган сўқмоққа зинапоялар ва айвонлар барпо этилган. Ҳудудга кириш бепул.






















