Жамият | 12:25 / 14.07.2021
4755
3 дақиқада ўқилади

Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари шартнома асосида фуқароларга ҳам хизмат кўрсатиши белгиланмоқда

Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ суд-экспертиза тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу ҳақда 13 июль куни Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида хабар берилди.

Маълум қилинишича, “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони билан суд-экспертиза соҳасида қуйидаги янги тартиблар жорий қилинмоқда:

1. Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

2. Концепция бўйича 2021–2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “йўл харитаси” тасдиқланди.

 3. Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 15 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда.

Институтга ҳар йили камида 15 та илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, 6 та давлат суд-экспертиза муассасалари фаолиятида илмий-услубий кўмак кўрсатиш ҳамда уларда мавжуд 700 дан ортиқ услубий қўлланмаларни танқидий кўриб чиқиш ва амалиётни уйғунлаштириш вазифалари юклатилмоқда.

4. Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ суд экспертиза тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда. 2021-2023 йилларда амалга ошириладиган йўл харитасига мувофиқ, бу бўйича Адлия вазирлиги ҳукуматга 2021 йилнинг август ойида лойиҳа киритади. Ҳукумат тасдиқлагач, бу тартиб амалга ошади.

Шунингдек, 2021 йил 1 сентябрдан иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилади.

Фармонга мувофиқ 2022 йил 1 мартдан аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотлар етказиш ва ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизими жорий этилади.

2021–2025 йилларда қўшимча 16 та суд-экспертиза турларини жорий этиш вазифаси юклатилмоқда (мисол учун, радиотехника, видеотехника, фототехника ва парфюмерия маҳсулотлари кимёвий таркибини аниқлаш экспертизалари). Ҳозирда суд экспертиза турлари 55 тага етказилган.

Адлия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилмоқда. Бунда, жамғармани шакллантиришга бюджет маблағларини йўналтириш талаб этилмайди.

Жамғарманинг маблағлари “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига субсидиялар ажратиш, янги экспертиза турларини жорий этиш, давлат суд-экспертиза муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертининг хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйиш учун сарфланади.

Мавзуга оид