Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш бўйича низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишлари бўйича суд экспертизасини ўтказишга ихтисослаштирилган, штатида суд эксперти сертификатига эга мутахассислар бўлган ташкилот ҳисобланади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти юридик шахс шаклида ташкил этилади. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти раҳбари сифатида фақат суд эксперти фаолият олиб бориши мумкин. Суд эксперти фақат битта нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши мумкин.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади, улар каби ҳуқуққа эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар ҳисобланади. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фақат суд экспертизасини амалга ошириш фаолияти билан шуғулланишга ҳақли. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг фирма номида унинг нодавлат суд-экспертиза ташкилоти эканлиги кўрсатилиши шарт.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида рухсат этилган суд экспертизаси турлари бўйича шартномага мувофиқ тадқиқотлар ўтказиши мумкин. Тадқиқот натижалари бўйича мутахассис фикри берилади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти ўзининг мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқи асосидаги бинога, тегишли суд экспертизасини хавфсиз амалга оширишга имкон берадиган ва стандартлар талабларига мос бўлган моддий-техник базасига эга бўлиши лозим. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан суд-экспертлик фаолиятини турар жойда амалга ошириш тақиқланади.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотида суд экспертизаси шартномага мувофиқ пуллик асосда амалга оширилади. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти амалга ошириладиган суд экспертизаси нархларини мустақил белгилайди.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан суд экспертизалари ўтказилганлиги учун тўлов суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Экспертизани ўтказиш бўйича шартномага кўра тўлов амалга оширилмаганлиги текшириш объектлари ва иш материалларини экспертиза ўтказмасдан қайтариш учун асос ҳисобланади.
Суд экспертизасини тайинлаган орган нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан ўтказилган суд экспертизаси хулосасига қўшилмаган тақдирда қайта суд экспертизаси фақат давлат суд-экспертиза муассасаси томонидан амалга оширилади.








