Жаҳон | 18:13 / 14.07.2021
1871
2 дақиқада ўқилади

Испанияда 2020 йил баҳорида коронавирус сабабли киритилган чеклов чоралари конституцияга зид деб топилди

Ўша даврда чеклов чораларини бузганлик учун ёзилган барча жарималар бекор қилиниши мумкин.

Испания конституцион суди ўтган йил баҳорида пандемия сабабли киритилган айрим чеклов чораларини мамлакатнинг асосий қонунига зид деб топди

2020 йил мартда Испания ҳукумати юқори даражадаги шайлик режимини жорий этган, аҳолининг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши чекланганди. Қаҳвахона, мактаб, кўнгилочар муассасалар ёпилган, одамлар фақат ўта зарур ҳоллардагина уйидан чиқиши мумкин эди.

"Вокс" партияси ушбу масалада конституцион судга шикоят қилган.

"Конституцион суд юқори даражадаги шайлик режимида эълон қилинган фармоннинг айрим моддалари конституцияга зид бўлганлигини эътироф этиб, "Вокс" шикоятини қисман қондиради", - дейилади суд қарорида.

Аввалроқ El País газетаси уй изоляцияси конституцияга зидлигини, бундай чора қабул қилиниши учун мамлакатда юқори даражадаги шайлик эмас, фавқулодда ҳолат режими эълон қилиниши зарурлигини ёзганди. Суднинг мазкур қарори ўша даврда чекловларни бузганлик учун ёзилган барча жарималар бекор қилиниши мумкинлигини билдиради.

Пандемия бошланганидан буён Испанияда коронавирус юқтириш билан боғлиқ 4 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган, 81 мингдан ортиқ бемор вафот этган. Мамлакатда 2020 йил 27 декабрдан вакцинация кампанияси бошланган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид