Ўзбекистон | 20:59 / 16.07.2021
20561
4 дақиқада ўқилади

Инсон омили сабаб қуриётган Зарафшон дарёси: бунга масъул орган топилмаяпти

Зарафшон дарёси карьерлар фаолияти сабаб қуриб бораётгани ҳақидаги саволга жавобан, Ўрмон қўмитаси бу масалада Экология қўмитасига хат чиқаргани, лекин жавоб олмаганини билдирди. Экоқўм эса бу ёлғонлигини айтиб, масъулиятни “Хавфсиз дарё” ДУК зиммасига юклади.

Кеча, 15 июль куни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот анжумани ўтказди. Анжуманда Kun.uz мухбири Зарафшон дарёсида сув камайиши оқибатида миллий табиат боғи ўсимликлари жиддий зарар кўраётгани, бунга дарё атрофида қурилган карьерлар фаолияти ҳам сабаблиги ҳақида савол берди.

Карьер – фойдали қазилма ва қум-шағални очиқ усулда қазиб оладиган корхона.

Қўмита етакчи мутахассиси Собир Бердиевга кўра, Зарафшон миллий боғи аввал давлат қўриқхонаси ҳисобланган, аммо аҳоли хонадонлари ўша ҳудудга жуда яқин жойлашгани сабаб ва одамлар қўриқхонага зарар етказавергач, миллий табиат боғига айлантирилган.

“Ростан ҳам ҳудудда қурилган карьерлар фаолияти натижасида Зарафшон дарёси суви сатҳи камайиб боряпти. Бунинг оқибатида миллий табиат боғидаги ўсимликлар қуриб боряпти.

Биз ўтган йили шу ҳудуддаги карьерлар фаолиятини тўхтатиш бўйича карьерларнинг ўзига ва Экология қўмитасига бир неча марта хат чиқарганмиз. Лекин қўмитадан бу бўйича бизга ҳозирча жавоб келмаган.

Агар ўша ҳудудлардаги карьерлар фаолияти тўхтатилса, бу ҳудуднинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига катта фойда бўларди. Аммо биз карьерлар қонун билан ишлаётгани учун уларга чора кўролмаймиз”, – деди у.

Қўмита бошқарма бошлиғи ўринбосари Ойбек Эшимов эса дарё муҳофазаси вилоят ҳокимлиги зиммасида экани, унинг қирғоқлари атрофидаги қазиш ишларига рухсат Экоқўмита томонидан берилиши ҳақида гапирди.

“Зарафшон дарёси бизнинг миллий табиат боғи ёнидан ўтган. У бизга эмас, вилоят ҳокимлигига қарайди. Биз дарёда қазиш ишлари олиб борилиши бўйича ҳеч кимга рухсат бермаймиз. Бунга Экология қўмитаси рухсат берган”, – деди Ойбек Эшимов.

Kun.uz мухбири айни масалада Давлат экология қўмитаси вакиллари билан ҳам боғланди. Қўмита вакили Севара Давлатова Ўрмон хўжалиги қўмитасининг айбловларини рад этиб, Ўрмонқўм юборган хатга Экоқўм ўтган йили тегишлича жавоб хати юборганини маълум қилди.

“Биз юборган жавоб хатида Зарафшон миллий табиат боғи билан дарё ўзани орасидаги масофаларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги “Хавфсиз дарё” ДУК томонидан тадбиркорлик субъектларига, ер майдонлари шартнома асосида ажратилаётгани маълум қилинган ҳамда саволлар билан айнан “Хавфсиз дарё” ДУКга мурожаат қилиш мумкинлиги айтилган”, – деди Давлатова.

Айни пайтда Kun.uz ихтиёрида ҳар иккала қўмита бир-бирига юборган хатлар нусхаси бор. Бу эса Ўрмон хўжалиги қўмитаси жамоатчиликка ёлғон маълумот тарқатганини кўрсатмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, иккала қўмита ҳам Зарафшон дарёсида сув камайиб бораётгани, бунга дарё атрофида қурилган карьерлар фаолияти ҳам сабаблиги юзасидан жавобгарликни зиммасига олишни истамаяпти.

Ўрмон хўжалиги қўмитаси масъулиятни Экология қўмитасига, экологлар эса «Хавфсиз дарё» ДУКга қолдиряпти.

Қўмиталар ўзаро айбдорни излаётган бу вақтда, Зарафшон дарёси ва унинг атрофидаги миллий табиат боғи ҳудудидаги аҳвол йил сайин оғирлашиб бормоқда.

Муаммо моҳияти ҳақида ўтган ойда Kun.uz эълон қилган мақолада батафсил танишишингиз мумкин:

Ўйлаймизки, ўз йўлидаги неча-неча гўшаларни обод қилиб турган Зарафшон дарёси ва табиат мўъжизаси – Зарафшон миллий боғи буткул қуриб битмасдан туриб, табиат учун чиндан жон куйдирувчи ташкилот топилади.

Биз бошқа идоралар, хусусан Олий Мажлис ва Самарқанд вилояти депутатларини ҳам бу масалага бефарқ бўлмасликка чақирамиз.

Илёс Сафаров

Мавзуга оид