Ўзбекистон | 14:48
15781
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 33 ёшли эркак ўлдирилиб, Зарафшон дарёсига ташлаб юборилди

​​​​​​​Марҳумнинг яқинларига кўра, у турмуш ўртоғини хиёнат устида ушлаб олган. Аёл ва унинг хуштори қотилликда гумонланиб, қамоққа олинган. Дарёга улоқтирилган мурда эса қарийб 20 кундан бери топилмаяпти.

Фото: Kun.uz

Кармана тумани Катта мачит маҳалласида яшовчи эркак қотиллик қурбони бўлди. Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати ҳам буни тасдиқлади.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган марҳумнинг яқинларига кўра, 1991 йилда туғилган Д.К. “Навоий-Тошкент” йўналишида қатнайдиган автобусларнинг бирида йўловчиларни йўналтирувчи (посадчик) бўлиб ишлаган. 29 ноябрдан 30 ноябрга ўтар кечаси ярим тунда ишдан уйига келган Д.К. турмуш ўртоғини бошқа эркак билан кўрган.

Ўша куни эрининг уйга қайтишини кутмаган аёл ва унинг таниши вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида қотилликка қўл урган. Хонадонда бақир-чақир бўлган. Бизга айтишларича, гумондорларнинг бири Д.К.нинг оғзини ёпиб турган, иккинчиси ип билан бўйнидан бўғиб ўлдирган.

Сўнгра аёл 3-4 кун турмуш ўртоғини излаган бўлган, йўқолиб қолди деб ИИБга хабар берган”, дейди марҳумнинг яқинларидан бири.

Қотиллик содир этилган тунда Д.К.нинг бақирганини эшитган қўшниси бу ҳақда кўрсатма бергач, аёл ва унинг хуштори жиноятда гумонланиб қўлга олинган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Улар Д.К.ни ўлдириб, дарёга ташлаб юборишганини тан олган.

Шундан бери гумондорларнинг кўрсатмаси бўйича Зарафшон дарёсидан марҳумнинг мурдаси изланмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ФВБ ходимлари ҳаракат қилишяпти, аммо мурда ҳамон топилмади.

Агар мурда топилмаса, жиноят иши ёпилиб, гумондорлар қўйиб юборилар экан. Шундан хавотирдамиз. Жиноятга қўл урганлар жазосини ҳам олиши керак”, дейди Д.К.нинг қариндоши.

Kun.uz ҳолат юзасидан Навоий вилояти ФВБ вакили билан боғланди. Унинг билдиришича, совуқ об-ҳавода дарёдан мурдани излаш қийинчилик туғдиради. Мурдани излаш ишлари давом эттирилмоқда. 

Мавзуга оид