Балиқни бежизга етти хазинанинг бири дейишмайди. Дастурхонимизни безаб турувчи ушбу тотли неъмат инсон соғлиғига қанчалик даражада фойдали эканлиги ҳаммамизга маълум. Балиқчилик бизнесини эса энг сердаромад соҳалардан бири, десак муболаға бўлмайди. Чунки Ўртачирчиқ туманида балиқчилик билан шуғулланган фермерлар билан суҳбатлашиб, бунга амин бўлдик.
Илк манзилимиз Ўртачирчиқ туманидаги Тошкент вилояти сув омборида ўз фаолиятини ташкил этган “JAHONGIR AGRO BIZNES” фермер хўжалиги бўлди. Хўжалик раҳбари Санжар Саломов йўлга қўйган тадбиркорлиги ҳақида маълумот берди.




“Фермер хўжалигимизда ўтган йили 330 тоннадан ортиқ балиқ етиштирилган. Бу йилги режамиз камида 400 тонналик натижага эришишдир. Биз фақат бир турдаги – зоғора балиқ етиштирамиз. Уларни 146 та балиқ қафас мосламалари (садок)да боқамиз. Ушбу балиқчилик иншоотини Ипотек банк қошидаги Ипотека лизинг ташкилотидан 3 йилга лизинг асосида олдик. Бошида 10 дона балиқ қафас мосламалари (садок) олган бўлсак, кейин бу миқдорни ошириб, ишни кенгайтирдик.
Бу ишларни йўлга қўйишимизда Ипотека банкининг ажратган маблағлари жуда катта ёрдам берди. 2018 йилда 2 млрд.сўм кредит олган бўлсак, уни ўз вақтида қайтариб бердик. 2019-2020 йилларда яна 6 млрд.сўмлик маблағ олиб, тадбиркорлигимизни ривожлантиришга эришдик”, - деди Саломов.




Пресс-тур давомида Ўртачирчиқ тумани, Ўртасарой ҚФЙдаги “GOLDEN FISH GROUP” МЧЖ’га ҳам бордик. Корхона раҳбари Сергей Лагутин ОАВ ходимларига етиштирилаётган ноёб балиқ турлари ва корхона фаолияти билан яқиндан таништирди.
























