Лукашенко Европа иттифоқидаги беларуслик дипломатлар сонини қисқартиришни буюрди
Беларусь президенти Александр Лукашенко Европа давлатларидаги беларуслик дипломатлар сонини қисқартиришни буюрди. Унинг фикрича, Беларусь ва Европа иттифоқи ўртасидаги муносабатлар ҳавас қилса арзигудек эмаслиги сабабли Европа давлатларида бир нафардан элчи ва унинг ёрдамчисини қолдириш етарли бўлади.
Лукашенко бу ҳақда Беларуснинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан йиғилишда айтиб ўтди.
“Агар улар (Европа давлатлари) билан савдо қилмаётган бўлсак, ўзаро сиёсий муносабатлар, дипломатия эса нафақат йўқ, балки давлатга зиён етказаётган бўлса, шунча дипломатларни ушлаб туришдан не ҳожат?” деб айтган Беларусь президенти йиғилишда.
“Агар у ерда бир нафар элчи ва унинг ёрдамчиси керак бўлса, уларни қолдира қолинг. Уларга икки хонали квартирани ижарага олиб беринг ва улар ишлайверсинлар. Агар муносабатлар яхшиланса, дипломатлар сонини оширамиз. Бунга ҳаёт ва амалиёт нуқтайи назаридан ёндашиш керак. Бу дипломатик ваколатхоналарни кенгайтиришга намунча зўр бермасак”, деб таъкидлаб ўтган Лукашенко.
Беларусь президенти, шунингдек, давлат сиёсатини қўллаб-қувватламайдиган ва унинг манфаатларини ҳимояламайдиган “адашган” дипломатлар “аяб ўтирилмаслигидан” огоҳлантирган.
Беларусь ва Европа иттифоқи давлатлари ўртасидаги муносабатлар май охирида Ryanair авиакомпанияси самолёти Минскда қўндирилгандан кейин ёмонлашган. Самолёт бортида беларуслик мухолифатчи, Nexta Telegram-канали асосчиси Роман Протасевич бўлган. Протасевич ва унга ҳамроҳлик қилган россиялик София Сапега махсус хизматлар томонидан ҳибсга олинганди. Шундан кейин Европа иттифоқи давлатлари Беларусь авиакомпанияларига ўз ҳудудлари устидан учишни тақиқлаган. Бундан ташқари, Европа иттифоқи Беларусга иқтисодий санкциялар киритган.
Мавзуга оид
09:20 / 02.03.2024
Евроиттифоқ кенгаши Украинага 50 млрд евро ажратишни маъқуллади
10:25 / 03.05.2023
Ўзбекистонда Европа куни ўтказилади
10:37 / 19.04.2023
Сенат раиси Танзила Норбоева ЕИ вакиллари билан учрашди
21:36 / 20.12.2022