15:04 / 21.07.2021
10987

Жефф Безос космосга парвозидан сўнг 200 млн долларни хайрияга ажратди

Жефф Безос Courage and Civility Award ташаббусини бошлаганини маълум қилди: бизнесмен глобал муаммолар ечими билан шуғулланаётган инсонларга маблағ ажратади.

Фото: Joshua Roberts / Reuters

Amazon собиқ бош директори Жефф Безос 200 млн доллар маблағни икки ижтимоий тадбиркорга хайрия сифатида ажратди. У бу ҳақда космосга парвозидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилди

Бош ошпаз Хосе Андрес Безосдан 100 млн доллар олади. Андрес 2018 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотига тавсия қилинганди. У 2010 йилда World Central Kitchen лойиҳаси ҳаммуаллифи бўлган. Мазкур нотижорат ташкилот дунёнинг табиий офатлардан зарар кўрган ҳудудларидаги аҳолининг овқатланишини ташкил этишда ёрдам беради. Қайд этилишича, ташкилот ўтган ҳафтада Германиядаги сув тошқинларидан жабрланган аҳолига ёрдам берди. 

Яна 100 млн долларни CNN сиёсий эксперти Вэн Жонс олади. Жонс маҳбуслар ҳуқуқлари ва уларнинг жамиятга интеграцияси билан шуғулланадиган бир нечта нотижорат ташкилотлар ва ҳаракатлар асосчиси ҳисобланади.

Безоснинг сўзларига кўра, Жонс ва Андрес маблағлардан ўзлари истаганидек фойдаланишлари мумкин. Жефф Безос Courage and Civility Award ташаббусини бошлаганини маълум қилди: бизнесмен глобал муаммолар ечими билан шуғулланаётган инсонларга маблағ ажратади.

20 июл куни Жефф Безос ўзи асос солган Blue Origin компаниясининг New Shepherd кемасида космосга муваффақиятли парвозни амалга оширди. Парвоз 10 дақиқа-ю 18 сония давом этди.

Бу вақт давомида ракета тўрт киши жойлашган капсулани қуйи орбитага олиб чиқди. Шундан сўнг ракета белгиланган нуқтага қайтиб қўнди, маълум муддат вазнсизлик ҳолатида бўлган капсула бироздан кейин парашют ёрдамида ерга қайтиб тушди. Ҳар иккала қўниш ҳам муваффақиятли бўлди.

Безос парвоздан бироз вақт олдин ҳам Вашингтондаги ҳавога парвоз ва астронавтика миллий музейига 200 млн доллар ажратганди.

Forbes Real-Time рейтингига кўра, унинг бойлиги 205 млрд долларга тенг.

Top