Жаҳон | 23:42 / 21.07.2021
6248
2 дақиқада ўқилади

Ҳакерлар Saudi Aramco’дан 50 миллион доллар талаб қилишди

Фото: REUTERS/Maxim Shemetov

Ҳакерлар Саудия Арабистони нефт компанияси Saudi Aramco’га тегишли маълумотларни ўчириб ташлаш учун компаниядан криптовалютада 50 млн доллар талаб қилишди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.

Компания сизиб чиқиш оқибатида ҳакерлар қўлига тушган маълумотлар ўзига тегишли эканини тасдиқлаган. Ушбу маълумотлар пудратчи фирмалардан бирида сақланган. Компания маълумотлар сизиб чиққани ҳақида яқинда хабар топган.

“Маълумотлар сизиб чиқиши хавфсизлик тизимимиздаги заиф жой сабабли юз бермаган. У компания фаолиятига таъсир кўрсатмаган”, деб маълум қилинган компанияда.

АP’нинг хабар беришича, компания ходимлари даркнетда ўғирланган маълумотлар жойлаштирилган сайтни топишга муваффақ бўлишган. Ҳакерлар қўлига тушган маълумотлар ҳажми 1 терабайтга яқинни ташкил қилади. Сайтнинг ўзида ҳакерлар маълумотлар тўлиқ ўчирилиши учун 50 млн доллар талаб қилишган.

Ҳакерлик ҳужуми ортида ким тургани номаълум.

Таъкидланишича, Saudi Aramco биринчи марта киберҳужумлар нишонига айланмаяпти. 2012 йилда компаниянинг компьютер тармоғи вирус ҳужумига учраган. Зарарли дастур қаттиқ дискларда сақланган маълумотларни ўчириб ташлаган, компьютерлар экранига эса ёнаётган АҚШ байроғи чиқарилган. Ўшанда компания бутун тармоқни маълум муддатга ўчиришига ва 30 мингтага яқин компьютерни йўқ қилишига тўғри келган.

Мавзуга оид