Жаҳон | 09:39
850
3 дақиқада ўқилади

Жаҳонда нефть танқислиги бир миллиард баррелга етди

Saudi Aramco компанияси ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши ҳамда Ҳўрмуз бўғозининг блокада қилиниши оқибатида жаҳон нефть бозорида қарийб 1 миллиард баррел нефть танқислиги юзага келган.

Фото: REUTERS

Бу ҳақда 10 май куни Reuters хабар берди.

Saudi Aramco раҳбари Амин Насернинг таъкидлашича, ҳатто Ҳўрмуз бўғози қайта очилиб, нефть етказиб бериш тикланган тақдирда ҳам бозор ва нархларни барқарорлаштириш учун вақт талаб этилади.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан урушига қўшимча равишда, нефть соҳасига йиллар давомида етарли сармоя киритилмагани ҳам бозордаги босимни кучайтирган. Бу эса аллақачон паст даражага тушиб қолган жаҳон нефть захираларига янада оғир таъсир кўрсатмоқда.

Reuters ёзишича, жаҳондаги энг йирик нефть компанияларидан бири бўлган Saudi Aramco’нинг 2026 йил биринчи чорагидаги соф фойдаси 25 фоизга ошиб, 32,5 миллиард долларга етган. Компания ҳиссасига жаҳон нефть захираларининг тахминан 12 фоизи тўғри келади.

Амин Насернинг айтишича, компания Ҳўрмуз бўғози блокадасини четлаб ўтиш учун ўз нефть қувуридан фойдаланмоқда.

Ушбу қувур Форс кўрфазининг шарқий соҳилидан Қизил денгизгача кунига 7 миллион баррелгача хом нефть ташиш имконига эга.

Аввалроқ Financial Times S&P Global Energy ва Goldman Sachs таҳлилчилари маълумотларига таяниб, 2026 йил апрели якунларига кўра жаҳон нефть захиралари рекорд даражада — 200 миллион баррелга камайганини хабар қилган эди.

S&P ҳисоб-китобларига кўра, апрель ойида нефть ҳажми кунига 6,6 миллион баррелга қисқарган. Бу талаб пасайганига қарамай кузатилган.

Нефтга бўлган талаб эса кунига 5 миллион баррелга тушиб кетган. Бу кузатувлар тарихидаги иккинчи энг катта пасайиш ҳисобланади. Бундан ҳам каттароқ тушиш фақат коронавирус пандемияси даврида қайд этилган.

Мутахассислар фикрича, бозор ҳали нефть захиралари қисқаришининг рекорд суръатларига тўлиқ реакция билдирмаган. Шу сабабли нефть нархларининг асосий ўсиши ҳали олдинда бўлиши мумкин.

Financial Times маълумотига кўра, ҳозир дунёда қазиб олинган, аммо ҳали қайта ишланмаган умумий хом нефть захираси тахминан 4 миллиард баррелни ташкил этади. Бироқ ушбу ҳажмнинг катта қисми нефтьни қайта ишлаш заводлари ва қувур тизимларининг кундалик ишини таъминлаш учун доимий равишда фойдаланилади.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид